Япониянинг Миязаки аэропорти маъмурияти такси йўлларидан бирида портлаш содир бўлганидан кейин барча рейсларни бекор қилди. Бу ҳақда NHK телеканали хабар берди.
Ҳодиса 2 октябрь куни эрталаб маҳаллий вақт билан соат 8 атрофида содир бўлган. Қайд этилишича, воқеа жойида тутун кўринган. Аэропорт диспетчери ҳам портлаш овозини эшитганини айтган. Ҳодиса жойида узунлиги тахминан етти метр, эни тўрт метр бўлган чуқурлик аниқланган. Қурбонлар ҳақида маълумот берилмаган.
Ҳозирда учиш-қўниш йўлаги ёпиқ, полиция аэропорт ходимлари ва одамларни воқеа жойидан эвакуация қилмоқда. Жадвалдаги ўзгаришлар 41 та рейсга таъсир қилган, аммо уларнинг сони ошиши кутилмоқда.
Аввалроқ Япониядаги Янги Титосе аэропортида кутиш жойидаги дўконлардан бирида ходимлар ишлатган қайчи ғойиб бўлиши натижасида 36 та рейс бекор қилингани, яна 201 таси кечиктирилгани ҳақида хабар берилган эди.