АҚШ элчиси Жонатан Хеник Ўзбекистоннинг «Ҳудудгазтаъминот» газ тақсимлаш компанияси ва Мерилендда жойлашган Climate Compass шуъба корхонаси GasGreen Asia қўшма лойиҳасининг ютуқларини нишонлаш мақсадида тадбир ўтказди, деб хабар берди дипломатик миссия матбуот хизмати.
2023 йил март ойида бошланган ушбу лойиҳа Ўзбекистоннинг ер усти газ тақсимлаш тизимидаги табиий газ сизиб чиқишини аниқлаш ва таъмирлашга оид бўлиб, у Ўзбекистоннинг яшил иқтисодиётга ўтиши ҳамда унинг «Метан бўйича глобал мажбурият» доирасидаги ишларига ҳисса қўшади.
Тадбирда Ўзбекистон ҳукуматининг расмийлари, «Ҳудудгазтаъминот», GasGreen Asia, ЕТТБ вакиллари, АҚШ дипломатлари ҳамда маҳаллий матбуот вакиллари иштирок этди. Кореянинг Ecoeye Co., Ltd. компанияси лойиҳанинг асосий сармоядори бўлиб, у Корея билан иқлим бўйича Париж келишувининг 6.2-моддасига асосан лойиҳани мувофиқлаштиради.
«АҚШ Ўзбекистоннинг яшил иқтисодиётга кенг кўламли ўтишга бўлган ҳаракатини олқишлайди. Ушбу лойиҳа Ўзбекистоннинг тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш ҳамда иссиқхона газлари эмиссиясини камайтириш борасидаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлайди», — деди элчи Ҳеник.
Қайд этилишича, лойиҳа бошланганидан бери 50 мингдан ортиқ газ сизиб чиқиш ҳолати аниқланди, ўлчанди ва таъмирланди, бунинг натижасида йилига етти миллион тоннадан ортиқ карбонат ангидрид эквиваленти эмиссияси камайишига эришилди. Лойиҳа 200 дан ортиқ маҳаллий иш ўрни яратди, жумладан, муҳандислар, маълумотлар бўйича мутахассислар ва лойиҳа менежерлари америкалик техник мутахассислардан интенсив тренинг олдилар.
Таъмирлаш натижасида «Ҳудудгазтаъминот» акциядорлик жамияти газ йўқотилишининг олдини олиш орқали ўнлаб миллион доллар маблағни тежаб, атроф-муҳитга катта фойда келтирди.
Ўзбекистон 2022 йилда бутун дунё бўйлаб метан чиқиндиларини камайтиришга қаратилган глобал мажбуриятга қўшилган. Метан эмиссиясини камайтириш Ўзбекистоннинг Иқлим ўзгариши бўйича Париж келишуви доирасида миллий миқёсда белгиланган ҳиссаларини қондиришга қаратилган саъй-ҳаракатларининг муҳим таркибий қисмидир.
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Атроф-муҳит бўйича дастури маълумотларига кўра, метан эмиссияси глобал исишнинг тахминан 30 фоизини ташкил этади ва тобора ортиб бораётган муаммодир.
Мериленд штати Бетесда шаҳрида жойлашган Climate Compass иссиқхона газлари эмиссиясини камайтириш лойиҳалари учун логистика ва техник хизматларни тақдим этишда етакчи компания ҳисобланади. Йигирма йилдан ортиқ тажрибага эга бўлган Climate Compass ўзининг газ сизиб чиқишини аниқлаш ва таъмирлаш дастурлари орқали табиий газ инфратузилмасини яхшилашга ихтисослашган.
Climate Compass компаниясига тегишли бўлган ва у бошқарадиган GasGreen Asia компанияси ушбу дастурни амалга ошириш учун 2023 йил март ойида «Ҳудудгазтаъминот» компанияси билан шартнома имзолади. Лойиҳа келажакдаги углерод эмиссиясини камайтириш учун олинадиган кредитларни сотиш ҳисобига тўлиқ молиялаштирилади.