Uzbekistan Airways 2 октябрдан бошлаб Ироқ ҳаво ҳудуди, шунингдек, Эрон ғарбий қисмини айланиб ўтган ҳолда парвозларни амалга оширишини маълум қилди.
Фуқаро авиацияси агентлиги бу кўрсатмани «фуқаро ҳаво кемалари парвозларининг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида» берди. Авиакомпания самолётлари аниқ кўрсатмага қадар шу кўринишда учади.
Таъкидланишича, Uzbekistan Airways муқобил йўналишлардан фойдаланган ҳолда Тошкент — Тель-Авив — Самарқанд/Тошкент йўналиши бўйича мунтазам авиақатновларни давом эттиради.
Маълумот учун, бир қатор хориж ОАВ Исроил Эроннинг оммавий ракета ҳужумларига «муҳим жавоб зарбаси» тайёрлаётганини ёзмоқда. Эҳтимолий нишонлар Эроннинг нефть ва ядровий объектлари бўлиши кутилмоқда. Конфликт ҳақида ушбу мақолада батафсил маълумот олиш мумкин.
Аввалроқ Flynas ва Qeshm Air авиакомпаниялари Эрон устидаги ҳаво ҳудуди ёпилгани сабабли Ўзбекистонга парвозларни вақтинча тўхтатгани ҳақида ёзгандик. Хусусан, чоршанба кунидаги Жидда — Тошкент — Жидда ва Теҳрон — Тошкент — Теҳрон парвозлари бекор қилинган.