Мен бу йигитчани Тошкент Халқаро аэропортида учратдим. Юкини олишга шошилаётган, ташқарига олдинроқ чиқишга интилаётган олағовур одамлар орасида, анчайин хотиржам, босиқ, ҳаммага йўл бериб, бир чеккада ёлғиз ўзи турган ёшгина йигит эътиборимни тортди. Хориж сафаридан қайтган Расулжон билан, шу жойда яна бир рейс – Тошкент-Фарғона йўналишида парвоз олдидаги озроқ бўш қолган вақтда танишиб, суҳбатлашиб қолдим. 19 ёшли Расулжон Аҳмедов Тошкент Халқаро муносабатлар университети талабаси экан. Саволларимга самимият билан жавоб берди.
– Сафарим икки ой давом этди. Чет элда дунё сиёсатини кузатиш, таҳлил қилиш билан бирга халқаро даражадаги лойиҳаларни ишлаб чиқиш йўлида изландик. Хорижлик тенгдошлар билан фикр алмашиш асносида ёшлар ҳаётига оид янги қирраларни ўрганиш имкони пайдо бўлди.
– Расулжон, юртимизда минглаб талабалар ўқияпти. Лекин, уларнинг ҳаммаси ҳам хориж сафарига йўлланмайди. Сиз ўзингизни муваффақиятли инсон деб биласизми?
– Ҳар бир инсонга, минглаб ҳужайралар орасидан унга тегишлиси танланиб дунёга келганининг ўзи омад аслида. Ҳар биримизда шукур қилгулик жиҳатлар етарли. Лекин, қиёсий тарзда олганда, барибир омадлиман деб айтаман. Хориж сафарига йўлланишим инглиз тилини билишим билан ҳам боғлиқ. Дарвоқе, сафар давомида тилни янада кўпроқ ўрганиш имконим ҳам бўлди.
– Демак, тилни сиз болаликдан ўргангансиз. Инглиз тилини озроқ билганлар ҳам хорижга сафарга эмас, ўқишга ошиқадилар…
– Олтиариқдаги 37-умумтаълим мактабида ўқиганман. Оилада ўқишимизга эътибор катта бўлган. Ўқиш пайтидаёқ муддатидан аввал Американинг 2 та нуфузли олийгоҳига талабаликка тавсия этилдим. Аммо оиладаги аҳволни ҳам назарда тутишимиз керак. Акам Европада олий таълим олмоқда. Опамни узатганмиз. Мен ҳам кетиб қолсам, ота-онам ёлғиз қолишларини ўйладик. Ҳозирда Тошкентда ўқисам ҳам, 10-15 кунда бир келиб кетишим ёки яқинларим ўзлари пойтахтга келишлари, кўришиш имконимиз бор.
– Муваффақият фақат тил билан боғлиқми?
– Йўқ, албатта. Лекин, сўрадингиз, айтаяпман, йил бошида, 1 курс талабаси эдим, махсус танловда МДҲ давлатлари орасида 2024 йил бўйича энг яхши ва энг ёш йил талабаси деб эътироф қилиндим.
– Йил талабаси бўлиш тамойиллари қанақа?
– Ушбу танловда «Янги Ўзбекистонда жадал тус олаётган ёшларга оид давлат сиёсати» сарлавҳали мақолам билан иштирок этдим. Мақола ўзбекистонлик ёшларга яратилган шарт-шароитлар, уларнинг қонун олдида тенгликлари ҳамда эркинликлари, қонун билан мустаҳкамланиб қўйилган ҳуқуқлари тўғрида. Дунё аҳолисининг 25 фоизини ёшлар ташкил қилса, Ўзбекистонда бу кўрсаткич 60 фоиздан юқори. Давлатимизда ёшларга катта эътибор берилаётгани бежиз эмас. Юртнинг эртаси ёшлар қўлида. Мақола ёзилиши жараёнида кўплаб маълумотларни ўрганиш, устозлар ўгитини унутмай ишлашга тўғри келди. Ёшлик ўқиб, изланиш учун катта имкон деб ўргатишган бизга.
– 19-20 ёш (ҳатто бутун умрдир) хатоларни, камчиликларни тузатадиган палла ҳам. Ўзингизни ўрганишга ҳаракат қилганмисиз?
– Мана шу сафар давомида турк ёзувчиси Мирач Чарғининг «Ҳаёт ютқазган жойингдан бошланар» деган китобини ўқиб чиқдим. Китобнинг ғояси, ҳар бир инсон хато қилади, лекин кўпчилик хатосини англаб етмайди, таҳлил қилолмайди. Шу китобни ўқиганимдан кейин ўзимда қатор саволларга жавоб топа олдим деб ўйлайман. Оддий мисол билан айтсам, кўпчилик инсонларни кечира олмаслик ҳисси хато эканини ёки бошингга келадиган синовларга сабаб атрофингдаги инсонлар эмас, асли ўзинг эканингни ҳис қилиб яшаш кераклигини тушуниб етдим.
– Бу китоб инсон руҳияти билан боғлиқ. Қайси бўлим Сизга кўпроқ таъсир қилди?
– Тақдир ва қарор ҳақида. Бошимизга келадиган синовлар, яхши нарсалар ҳам барчаси бизнинг тақдиримиз. Лекин, бошимизга синов келганда оёққа тура билишимиз ёки шунчаки ҳаммасини бир чеккага суриб қўйиб, бўлди, менга ҳеч нарса керакмас, деган нарсани қабул қилиш бу инсоннинг ўзини қарори, бу тақдир эмас. Масалан, инсоннинг турмуш қуриши бу тақдир, ажралиб кетиши тақдир эмас, қарор.
– Қандай режаларингиз бор?
– Ёшлар билан боғлиқ халқаро бир лойиҳа тизимини ишлаб чиқдим. Ҳамкорлар билан келишувга ҳам эришдим. Энди, энг асосийси, амалий иш. Шуни ҳам айтмоқчиманки, лавозим деймизми, бошқарув деймизми, бу инсонга фақат масъулият юклаши керак. Лавозимга келишдан кўра, мана шу вазифада қандайдир фойдали ишларни бажара билиш муҳим.
– Парвоз вақтигача ҳам кам вақт қолди. Оилангизни жуда соғинган бўлсангиз керак-а?
– Сафарга отланганимда ёзнинг жазирама кунлари эди. Оқшомлари оила аъзоларинг билан бир дастурхон атрофида ўтириш, яқинларинг тафтини телефондан эмас, ёнларида туриб ҳис қилишнинг ўзи катта бахт эканини чуқурроқ ҳис қилдим, рости. Кимгадир кераклигингни ҳис қилиш инсонга қанот бағишлайди. Агар инсон жамоасига, юртга ҳам худди шундай керакли бўлса, бундан-да катта қувонч ва катта масъулиятни туйса керак. Қаранг, одамлар шошса ҳам уйига ёки бошқа бир сокин манзилларга шошаяпти. Бу кайфиятни фақат тинчлик барқарор мамлакатларда сезасиз.
Суҳбатни Шаҳноза Жўрақулова ёзиб олди.