Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги томонидан Зомин тоғлари миллий табиий мерос объектининг дастлабки номзоднома ҳужжати тайёрланиб, ЮНEСКО Бутунжаҳон мероси марказига тақдим этиш учун ЮНEСКО ишлари бўйича Ўзбекистон Миллий комиссиясига юборилди.
Мазкур номзоднома Экология вазирлиги мутахассислари, Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги, Геология ва геофизика институти, Фанлар академияси Зоология ва Ботаника институтлари, шунингдек, Миллий университет тадқиқотчи-экспертларидан иборат ишчи гуруҳ томонидан Зомин давлат қўриқхонаси ва Зомин миллий табиат боғига амалга оширилган экспедициялар давомида олинган илмий маълумотлардан фойдаланилган ҳолда тайёрланган.
Таъкидланишича, Зомин тоғлари Ўзбекистон мустақилликка эришганидан буён ЮНEСКО Бутунжаҳон мероси рўйхатига номзодномаси тақдим этилаётган илк миллий табиий мерос объектидир. Ҳозирга қадар мазкур нуфузли рўйхатга трансчегаравий табиий объектлар — Ғарбий Тян-Шан тоғи (2016 йилда Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистон томонидан киритилган) ва Мўътадил минтақадаги Турон саҳролари (Устюрт платоси / 2023 йилда Ўзбекистон, Қозоғистон ва Туркманистон томонидан) киритилган.
Шунингдек, Ўзбекистондаги Чотқол биосфера қўриқхонаси (1978 йилда) ва Қуйи Амударё давлат биосфера қўриқхонаси (2021 йилда) ЮНEСКО Бутунжаҳон биосфера резерватлари тармоғидан жой олган.
Қайд қилинишича, Зомин тоғлари миллий табиий мерос объекти дастлабки номзодномаси ЮНEСКО ишлари бўйича Ўзбекистон Миллий комиссияси томонидан ЮНEСКО Бутунжаҳон мероси марказига юборилган. ЮНEСКО мезонларига мувофиқ қабул қилинган номзодномалар икки йил ичида кўриб чиқилади.