Реклама қонунчилиги бузилиши юзасидан Hamkorbank АТБга нисбатан молиявий жарима қўлланди, деб хабар бермоқда Рақобат қўмитаси матбуот хизмати.
Ўрганишлар давомида Hamkorbank’нинг онлайн микроқарз хизмати реклама ахборотида истеъмолчиларни чалғитувчи маълумот берилгани аниқланган.
Хусусан, унда «Онлайн микроқарз — Зудлик билан пул керакми, 50 миллион сўм — Hamkor иловасида онлайн микроқарз расмийлаштиринг!» мазмунидаги ташқи реклама жойлаштирилган.
Ушбу ахборотга банкнинг интернетдаги расмий саҳифасига жойлаштирилган маълумотлар асосида аниқлик киритилди, дейилади хабарда.
Унга кўра, микроқарз бўйича фақатгина кредитнинг миқдори ҳақида ахборот берилган бўлиб, рекламада унинг қолган муҳим шартлари кўрсатилмаган.
«Рекламани бундай кўринишда бўлиши рекламадан фойдаланувчиларни чалғитувчи ёки чалғитишга олиб келувчи ҳолатни ифодалаши мумкин», — қайд этди қўмита.
Юқоридагиларга асосан «Реклама тўғрисида»ги қонун талаблари бузилиш аломатлари билан Hamkorbank’ка нисбатан белгиланган тартибда молиявий жарима қўллаш ҳақида қарор қабул қилинди.
Шунингдек, қонун бузилиши ҳолатини бартараф этиш ва келгусида йўл қўймаслик бўйича кўрсатма берилди.
Бу Рақобат қўмитаси банкларни реклама қонунчилиги талабларини бузишда айблаб жавобгарликка тортаётган сўнгги ойлардаги олтинчи ҳолат. Август ойи сўнггида рекламасида омонат хизмати юзасидан муҳим маълумотларни бермаган Universalbank жаримага тортилганди. Ундан аввалроқ «Ипак йўли» банки реклама қонунчилигини бузгани учун жаримага тортилган эди — у омонат турлари рекламасида муҳим маълумотларни тўлиқ бермаган. Банк рекламада омонат ҳақида батафсил маълумотларга тўғридан-тўғри ҳавола йўқлигини тан олган ва узр сўраган.
Июль ойида Қўмита «Ипотекабанк»ни Super омонатини реклама қилгани учун жаримага тортганди. Реклама материаллари йилига 26 фоиз рентабелликни кўрсатган, аммо расмий шартларга кўра, дастлабки уч ойдан кейин бу кўрсаткич 14 фоизгача пасайтирилади.
Қўмита «Реклама тўғрисида»ги қонунни бузганлик учун AVO Bank’ка ҳам жарима солган. Бонуслар саҳифаси ва кредит карта материалларида потенциал нотўғри маълумотлар ўрин олганди. Бундан ташқари, OFB’нинг Термиз шаҳри филиалига нисбатан рухсатсиз ўрнатилган реклама конструкциялари учун жазо чоралари қўлланган.