Футбол бўйича Ўзбекистон Кубоги финали доирасидаги “Навбаҳор”— “Андижон” учрашуви олдидан Фарғонадаги “Истиқлол” стадионида матбуот анжумани ўтказилди. “Андижон” бош мураббийи Александр Хомяков финал ҳақида фикрларини билдирди.
“Финални интизорлик билан кутяпмиз. Жуда катта мухлислар армияси биздан нима кутаётганини яхши англаб турибмиз. Уларнинг ишончини оқлаш учун бор имкониятимизни сарфлаймиз. Ҳал қилувчи ўйинга тайёргарлик кўриш учун вақт етарли бўлди. Умид қиламанки, биз барча ишланмалар устида тайёргарлик олиб бордик. Мухлислар ва ўзимизни хурсанд этиш учун ўйинни интизорлик билан кутяпмиз”, деди мураббий.
Бундан ташқари, мураббий жамоанинг анчадан бери ғалаба қозона олмаётгани ва финалда ниманинг эвазига рақибин мағлуб этиши мумкинлиги ҳақидаги саволларга жавоб берди.
“Ҳа, ғалабалар борасида бизда муаммо бор, жамоа анча вақтдан буён юта олмаяпти. Аммо Суперлигадан кўра, кубок бошқача ўйин. Бу финал биз учун жуда муҳим. Шу боис, ўйингача жиддий тайёргарлик кўрдик, аксариятимиз учун бу илк финал. Бу ерда кўпроқ ҳиссиётлар, жамоанинг руҳий тайёргарлиги ҳал қилади.
“Навбаҳор” бизга нисбатан тажрибали жамоа, улар ўтган мавсумларда Осиё Чемпионлар Лигасида тўп сурди, кубок финалларида тўп сурган. Аммо биз кўзлаётган ва умид қилаётган жиҳатлар бор. Шундай экан, тажрибасизлик финалда бизнинг ўйинимизга таъсир қилиб, панд беради, деб ўйламайман”, деди Хомяков.
Мураббий футболчиларнинг тайёргарлиги ва Фарғонадаг майдон ҳақида ҳам ўз фикрини билдирди.
“Ўйинда 23 нафар ўйинчи тайёргарлик кўрди ва уларнинг барчаси бу баҳсга тайёр. Абдуманнонов масаласига келадиган бўлсак, фақат унинг эмас, ҳамма ўйинчиларда пасайиш бўлиб туради. Бир маромда ўйнаш қийин. Ўйлайманки, ундаги пасайиш даври ўтди ва эртага у ҳам ўз ўйинини кўрсатади деб ўйлайман.
Фарғонадаги стадион жамоага қандай таъсир қилиши мумкин? Ҳа, биз ўтган мавсумнинг ярмини бу ерда ўтказганмиз. Аммо бу жиҳат қандайдир таъсир қилади, деб ўйламайман.
Ҳужумкор ўйнаймизми? Икки жамоа ҳам рақибининг кучсиз жиҳатларидан фойдаланишга интилади. Ким камроқ хато қилса, ўша ютади”, деди жамоа бош мураббийи.
Бугун, 4 октябрь куни “Андижон” клуби Фарғонадаги стадионда финал олдидан сўнгги расмий машғулотларини ҳам ўтказди.
Маълумот учун, финал 5 октябрь куни Фарғонадаги “Истиқлол” стадионида бўлиб ўтади. Баҳс соат 17:00 да бошланади.