Ўзбекистонда экология ва атроф-муҳитни ҳимоя қилиш тизими такомиллаштирилиб, чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиёт агентлиги ташкил этилади. Шунингдек, чиқиндилар билан боғлиқ хизматларни тадбиркорларга бериш тендерлари онлайн кузатилиб, барча чиқинди тўплаш шохобчаларига видеокузатув камералари ўрнатилади.
Президентнинг янги фармони билан 2026 йилдан чиқиндилар билан ишлаш даражасини ошириш ва очиқликни таъминлаш чоралари белгиланди.
Фармонга кўра, қуйидаги тадбирлар амалга оширилади:
- Чиқиндилар билан боғлиқ хизматларни тадбиркорларга бериш тендерлари онлайн кузатилади;
- Чиқинди тўплаш шохобчаларига видеокузатув ўрнатилади;
- Барча махсус техникалар GPS тизими билан таъминланади;
- Санитар тозалаш хизматлари сифати бўйича шикоятлар учун Call марказ ташкил этилади;
- Аниқ чиқинди тўплаш майдончалари ва хизмат кўрсатиш графиги жамоатчиликка ошкор қилинади.
Шунингдек, Санитар тозалаш ишларини ташкил этиш маркази негизида Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиёт агентлиги ташкил этилади, у чиқиндилар билан боғлиқ ишлар учун масъул бўлади.
2025 йил 1 мартдан санитар тозалаш корхоналарининг самарадорлик кўрсаткичлари аниқланади.
Қайд этиш керак, ушбу масала 19 сентябрь куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида муҳокама қилинган бўлиб, йиғилишда санитар тозалаш соҳасини яхшилашга қаратилган муҳим таклифлар илгари сурилган.
Хусусан, Шавкат Мирзиёевга санитар тозалаш ишларини тартибга солиш мақсадида мавжуд марказ асосида Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлигини ташкил этиш таклиф қилинган. Шунингдек, мажлисда санитар тозалаш корхоналарининг самарадорлик кўрсаткичларига қараб, уларни уч тоифага ажратган ҳолда рейтинг тизимини жорий қилиш маълум қилинганди.