Электр энергияси, нефть маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси Самарқанд вилоятида 5,5 млрд сўмлик электр энергиясидан ноқонуний фойдаланган майнинг фермани аниқлади. Бу ҳақда «Ўзэнергоинспекция» расмий каналида хабар берилди.

Маълум бўлишича, вилоятнинг Тойлоқ туманидаги «Чороғбон» МФЙда истиқомат қилувчи фуқаро тижорат мақсадида 55 та тўпламдаги майнинг қурилмасини электр тармоғига тўғридан-тўғри улаб, ноқонуний фойдаланиб келган.

Ушбу қоидабузарлик натижасида дастлабки ҳисоб-китобларга кўра 5 млрд 528 млн сўмлик электр энергиясидан ноқонуний фойдаланганлиги маълум бўлди.

Мазкур ҳолатлар юзасидан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилди, дейилади хабарда.

2024 йилнинг биринчи ярмида «Ўзенергоинспекция» ноқонуний крипто-валюта билан шуғулланилган 75 та ҳолатни аниқлади. Электр энергиясини ноқонуний сарфлашдан етказилган зарар 81,6 млрд сўмга баҳоланди.

Апрель ойида Сирдарёда 107 та қурилмадан иборат энг йирик майнинг фермаларидан бири топилди. Икки йил ичида у 34,3 миллиард сўмлик электр энергиясидан фойдалангани маълум бўлди.

Эслатиб ўтамиз, январь ойида Ўзбекистонда криптоактивларни қонунга хилоф равишда олиш, ўтказиш ёки айирбошлаш, лицензия олмасдан крипто-активлар айланмаси соҳасидаги хизматлар провайдерлари фаолиятини амалга ошириш 15 суткагача маъмурий қамоққа олиш ёки жаримага тортиш жазоси тайинланди.