• Пн. Ноя 4th, 2024

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Тошкент мозаикаларига оид лойиҳа иккита халқаро фестивалда ғолиб чиқди



Тошкентдаги мозаикаларни уларни ёпиб турган реклама баннерларидан озод қилиш билан таништирувчи Mosaicvertising лойиҳаси иккита халқаро фестивал совринини қўлга киритди, дея хабар қилмоқда Тошкент шаҳри ҳокимлиги матбуот хизмати.

Сентябрь ойи ўрталарида Батумида (Грузия) бўлиб ўтган AdBlackSea халқаро ижод фестивалида Тошкент мозаикаларига оид лойиҳа Гран-прини ва «Медиа» номинациясининг Use Of Print And Outdoor бўлимида олтин медални қўлга киритди.

Танловда жами 119 та лойиҳа киритилган. Хабарда таъкидланишича, ижодкорлик фестивалининг мукофоти Қора денгиз соҳилидан йиғилган пластмассадан тайёрланган.

AdBlackSea фестивали 2015 йилдан буён ўтказиб келинмоқда ва реклама ҳамда маркетинг соҳасидаги мутахассислар орасида машҳур. Ғолиблар орасида Ўзбекистон, Словения, Болгария, Арманистон, Озарбайжон, Қозоғистон, Грузия ва бошқа мамлакатларнинг лойиҳалари бор.

21−22 сентябрь кунлари Қозоғистонда бўлиб ўтган Red Jolbors халқаро реклама фестивалида эса мазкур лойиҳа учта олтин ва учта бронза мукофотига сазовор бўлди.

Тошкент мозаикалари ҳақидаги видео «олтин»га PR campaign, ESG projects ва Reputation & behavioral communication номинацияларида, «бронза»га эса Media campaign, PRINT & OUTDOOR ва Brand Experience & Activation номинацияларида эгалик қилди.

«Шундай қилиб, Тошкент мозаикалари мукофотлар сони бўйича фестиваль қаҳрамонига айланди», — дейилади хабарда.

«Мукофотларнинг бундай „юлдузли ёмғири“ мозаикаларни сақлаш ва оммалаштиришдан манфаатдор бўлган давлат ва хусусий ташкилотлар ҳамда жамоатчилик фаолларининг ҳамкорлиги натижасида юзага келди. Яъни, ҳамкорлик „ўйлаб топилган“ эмас, балки шаҳар мозаикаларига бўлган умумий муҳаббат миссияси билан боғлиқ эди», — дея қайд этди ҳокимлик.

Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси ҳамда Маданий мерос агентлиги ташаббуси билан мозаикалар Ўзбекистон маданий мероси рўйхатига киритилган. Тошкент шаҳри ҳокимлиги Рақамли ривожланиш департаменти томонидан мозаикалар ҳақидаги сайт, анимация ва реалликка эга мобиль илова яратилди.

Лойиҳа Lokals Central Asia маркетинг агентлиги ва Payme тўлов хизмати томонидан яратилган. Видеодаги мусиқий композиция муаллифлари маҳаллий мусиқа жамоаси Loud373 & VAGAN ҳисобланади.

Тошкент мозаикаларини оммалаштириш ташаббускори ва ишқибоз Фотима Абдураҳмонова мозаикаларнинг жойлашуви ва уларнинг муаллифлари ҳақида маълумот тўплаган.

Фестиваллар ғолиби бўлган видео

Эслатиб ўтамиз, Тошкент шаҳри ҳокимлиги ҳузуридаги Рақамли ривожланиш департаменти ҳамда Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси мозаикали турар жой биноларини реклама баннерларидан тозалаш ишлари якунланганини маълум қилганди. 2021 йилдан буён 30 га яқин, икки ой ичида 40 дан ортиқ панно рекламалардан тозаланган.

Март ойи сўнггида Вазирлар Маҳкамаси қарори билан Тошкент шаҳри ва вилоятлардаги 160 га яқин мозаик панно монументал санъат ёдгорликлари сифатида Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхатига киритилган эди. Шу қарор билан мозаикали биноларга реклама баннерларини ўрнатиш тақиқланган.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *