Гватемала хавфсизлик ходимлари мигрантлар, шу жумладан, ўзбекистонлик муҳожирлар контрабандаси билан шуғулланувчи жиноий гуруҳга алоқадор 25 нафар полиция ходимини ҳибсга олди. Бу ҳақда Reuters хабар бермоқда.
Гватемала ўнлаб йиллар давомида Лотин Америкаси ва бошқа мамлакатлардан келиб, Мексика билан АҚШ чегарасига йўл олган ноқонуний мигрантлар учун асосий транзит мамлакат ҳисобланади. Мамлакат расмийларининг айтишича, гуруҳ бир неча йил фаолият юритиб, маҳаллий валютада миллионлаб даромад олган.
“Ушбу гуруҳ мамлакат бўйлаб олиб ўтилаётган ноқонуний мигрантлар хавфсизлигини таъминлаш учун пора бериш орқали полиция ходимларидан фойдаланган”, деган Гватемала ички ишлар вазири Франциско Хименес.
Мамлакат Ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, Гватемала орқали 10 нафар ўзбекистонлик мигрантни ноқонуний олиб ўтаётган икки шахс қўлга олинган. Бу ҳолатнинг тергови якунда гуруҳни йўқ қилишга олиб келган. Жиноий гуруҳдан тўртта автомобиль, ўқотар қурол ва нақд пуллар мусодара қилинган.
Аввалроқ АҚШ чегара хизмати 2024 йилда Канада чегарасидаги Суонтон ҳудудида 19 мингдан ортиқ ҳужжатсиз мигрантни ҳибсга олгани ҳақида хабар берилган эди.