Қорақалпоғистонда содир бўлган йўл-транспорт ҳодисасида велосипед бошқариб кетаётган шахс ҳалок бўлди. Бу ҳақда MY5 телеканалининг Hudud дастурида хабар берилди.

Қайд этилишича, ҳодиса Нукус-Шуманай-Тахтакўпир йўлида соат 18:40 атрофида юз берган. Lacetti машинаси Кегейли туманида яшовчи 32 ёшли велосипед ҳайдовчисини йўлнинг белгиланмаган жойидан кесиб ўтаётганида уриб юборган.

ЙҲХБ ахборот хизмати инспектори Турсинбай Ўтемуратовнинг айтишича, ҳодиса велосипед ҳайдовчиси устига нур қайтарувчи нимча киймасдан ҳамда велосипедни ҳеч қандай огоҳлантириб турувчи чироқларсиз бошқаргани оқибатида юз берган.

Оқибатда у оғир тан жароҳатлари олиб воқеа жойида ҳалок бўлган.

Статистик маълумотларга кўра, 2024 йилнинг ўтган 9 ойи давомида Қорақалпоғистонда автотранспортлар ва велосипедлар билан боғлиқ 31 та ЙТҲ содир бўлган.