Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов 1 сентябрь куни Сурхондарёнинг Бойсун туманидаги М-25 конида водород сульфид юқори бўлган газ чиқиши бошланган ҳодиса ҳали бартараф қилинмаганини маълум қилди. У бу ҳақда Lolazor подкастида айтиб берди.
Вазирнинг сўзларига кўра, бундай техноген ҳодисаларни бартараф қилиш 3 ойдан 6 ойгача вақт олади.
«Ҳозир у ерда мутахассислар ишлаяпти. Ёпилгани йўқ. Сабаби, биласизларми, ўша куни ҳам схемада кўрсатдик, бундай ҳолатларни фонтан дейди, авария дейди. Ўзбекистон тарихида бундай йирик техноген ҳодисалар 6 марта бўлган. Кўпчилик интернетда Ўртабулоқни [газ кони]ни айлантирди, 3 йил давомида ёпилган. [Бундай жараён] 3 ойдан 6 ойгача вақт олади, чунки юқори босим, техноген бўлгандан кейин ўша нарсани синдириб юборган, чиқиб кетган, ёриб юборган, уни ёпишнинг ҳар хил усуллари бўлади. Ҳозир биринчи устига „заглушка“ қўйиб ёпилди, ҳақиқатдан ўрнатилган. Лекин водород сульфид таркибида газ бўлгани учун емириб юборган ерларнинг бир еридан сизиб, яна қайта чиқиб кетди», — деди у.
Энергетика вазири ҳозир ўша ерни ёпиш бўйича ишлар кетаётгани, параллель равишда қолган вариантлар ҳам кўрилаётганини айтди. Бунинг гучун АҚШ, Озарбайжон каби давлатлардан махсус компаниялар вакиллари чақирилган.
«Турли хил ускуналар олиб келинди, мослаштириляпти, хавфсизлик ишлари қилинди. Америкадан мутахассилар келди — Сudo well control деган авария ҳолатларини бартараф қилувчи дунёдаги биринчи рақамли компания бор, Halliburton келди, Schlumberger`ни чақирдик, Озарбайжоннинг Socar компаниясининг бригадаси келди — улар иш режани, ҳаммасини кўриб, нима қилиняпти, қандай қилиняпти, кўриб, кўрилаётган чоралар тўғрилигини тасдиқлади. Қўшимча ускуналар олиб келинди», — деди Жўрабек Мирзамаҳмудов.
Унинг айтишича, ҳозирги режа ўхшамаса, бошқалари кўрилади ва бу 2−3 ой олиши мумкин.
«Технология тарафдан босим юқори, у ерга бориш фақатгина тегишли кислород ниқоблари, тўлиқ хавфсизлик билан. У ерда ярим соатдан кўп ишлаб бўлмайди. Чунки кислород баллонлар ярим соатга етади, кейин бригадалар алмашади, тизим қилинган. Шу орқали ҳозир бартараф этиш чоралари кўриляпти. Бир қисм газ чиқарилиб, ёқиб юборилди, яъни зарарни камайтириш мақсадида. Ҳозир шу чора кўриляпти. Энди 2−3 кундан кейин ўша мосламани булар ўрнатади, ёпишга ҳаракат қилишади, ёпа олишса, яхши, бўлмаса, кейинги сценарийлар кўрилиб, «скважина»ни очиб, ёнидан қўшимча «скважина» бурғулаб, шу орқали ёпишга ҳаракат қилинади. Бу 2−3 ой олиши мумкин», — деди вазир.
Эслатиб ўтамиз, 1 сентябрь куни Сурхондарёнинг Бойсун тумани Кўлқамиш маҳалласи ҳудудида жойлашган «Мустақилликнинг 25 йиллиги» конига қарашли 604-сон қудуқда бурғилаш ишларини олиб бориш вақтида технологик жараённинг бузилиши натижасида олтингугурт (водород сульфид) гази чиқиши бошланган эди.
2 сентябрга ўтар кечаси ФВВ қудуқ яқинидаги аҳоли эвакуация қилингани, вазият тўлиқ назоратга олингани, ваҳимага ўрин йўқлиги ҳақида баёнот берди. Шунингдек, президент топшириғига асосан воқеа жойига бир гуруҳ масъуллар, хусусан, бош вазир ўринбосари Очилбой Раматов етиб борган.
Бахтсиз ҳодисани бартараф этиш ишлари икки ҳафта давом этди. 15 сентябрь куни соат 16:50 да сизиб чиқиш тўхтатилди. Бурғилаш ишларини олиб бораётган Eriell компаниясининг маълум қилишича, қудуқ герметикланган ва сўндирилган.
Ҳодисадан кейин яқин атрофдаги Кофрун қишлоғи аҳолиси эвакуация қилинган. Одамлар водород сульфидининг кучли ҳиди ҳақида хабар берган ва бош оғриғи ва кўнгил айнишидан шикоят қилганди. Реактив самолётни эслатувчи чиқаётган газ овози бир неча километр узоқликда эшитилган.
Eriell’нинг таъкидлашича, «ҳодиса оқибатларини бартараф этиш давомида аҳоли учун ҳеч қандай хавф бўлмаган». «Атрофда жойлашган аҳоли пунктларида ҳаво муҳитини ўлчаш ва мониторинг қилиш учун махсус постлар ўрнатилди. Таҳлиллар шуни кўрсатдики, атмосферада зарарли моддаларнинг рухсат этилган максимал концентрациясидан ошиб кетиш ҳолатлари кузатилмаяпти», — дейилади компания хабарида.
Лойиҳа технологиясида таъкидланишича, Бойсун газни қайта ишлаш мажмуасининг ўзига хослиги қазиб олинган хомашё (газ) таркибидаги кислотали компонентлар — водород сульфиди (H2С, улуши 5,5 фоиз, метан улуши 83,85 фоиз) ва карбонат ангидрид (CО2, улуши 8,3 фоиз), кучли коррозий аралашмалар, маълум шароитларда пўлат қувурлари ва улар билан алоқада бўлган асбоб-ускуналарга жиддий хавф туғдирадиган, шикастланиши ва/ёки йўқ қилиниши атроф-муҳитнинг ифлосланиши, маҳсулот йўқотилиши, моддий зарар ва бошқа салбий оқибатларга эга.
Водород сульфид — бевосита асаб тизимига таъсир қилувчи заҳарли газ. У ҳид билиш нервини фалаж қилиш хусусиятига эга, бунинг оқибатида одам бу газнинг ҳидини сезмай қолади. Бу кўпинча токсик манба билан алоқани ўз вақтида аниқлаш ва тўхтатиш қобилиятининг йўқлиги туфайли кучли заҳарланишга олиб келади. Кам миқдордаги водород сулфиди бўлган ҳаводан нафас олиш бош айланиши, бош оғриғи, кўнгил айниши, қайт қилишга, юқори концентрация эса кома, тутқаноқ, ўпка шиши ва ўлимга олиб келиши мумкин.
Содир бўлган янги авария оқибатида 4 киши ҳалок бўлгани, 11 киши жароҳатлангани тасдиқланганди. Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов ҳалок бўлган фуқароларнинг оилалари пудратчи ташкилот қарамоғига олинишини маълум қилганди.
«Dunyouzbeklari.Com» ҳолат, ҳудуддаги вазият, унинг эҳтимолий юзага келиш сабаблари, шунингдек, лойиҳа ва уни амалга оширишда иштирок этган компаниялар ҳақида батафсил ёзганди.