• Вт. Фев 11th, 2025

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Украина Донбасс учун жанг орқали Россияни чарчатмоқчи — NYT – Dunyouzbeklari.Com



New York Times газетаси Украинанинг Россия билан Донбасс учун жангдаги стратегиясини таҳлил қилиб, Украина армияси шиддатли жангларда (rope-a-dope тактикаси) имкон қадар рус қўшинларини чарчатишга ҳаракат қилмоқда, деган хулосага келди. Нашрнинг фикрича, бу стратегия муваффақиятли бўладими ёки йўқ, ҳозирча номаълум.

NYT’нинг қайд этишича, Украина ўтган йил давомида Донецк вилоятидаги бир қанча шаҳарларни, жумладан, Авдеевка ва Угледарни бой берган ва одатда бир неча ой давом этган шиддатли жанглардан сўнг қўшинларини олиб чиқиб кетган. Украина Қуролли кучларининг (УҚК) «секин, аммо барқарор» чекиниши финал бошланганидан дарак бераётгандек туюлиши мумкин, аммо нашр билан гаплашган украиналик аскарлар ва ҳарбий экспертлар ҳудудда «оддий ҳудудий ютуқ ва йўқотишлардан ташқаридаги» кураш кетаётганини таъкидламоқда.

Украина давлат стратегик тадқиқотлар институтидан ҳарбий таҳлилчи Николай Белесков нашр билан суҳбатда буни «ҳудудларни Россия йўқотишларига алмаштириш» стратегияси деб атади. Унинг ғояси, деб ёзди газета, ҳужум қилинган шаҳарлардан чекиниш орқали душманни ишчи кучи ва техника кўринишида эҳтимолий максимал нарх тўлашга мажбур қилиш ҳисобланади.

«Москва кўпроқ аскар ёллаш ва қурол ишлаб чиқаришни кўпайтириш орқали ўз йўқотишларининг ўрнини қоплашга қодир экан, Россия армияси қуввати тугамагунча Киев қанча ҳудуддан воз кечиши кераклиги номаълумлигича қолмоқда», — дейилади хабарда.

Финляндиянинг Black Bird Group компанияси ҳарбий эксперти Паси Парониненнинг таъкидлашича, сўнгги икки ой ичида Россия Донбассда 700 кв. метрга яқин жойни эгаллаб олган. Бу июнь ва июль ойларида қўлга киритилганидан тахминан уч баравар кўп. Аммо Россия армияси бутун Донецк вилоятини қўлга киритиш мақсадига эришишдан ҳали жуда узоқда, деб ёзди нашр.

«Ушбу урушни Угледар ёки бошқа тактик шаҳар ва қишлоқларни фронт чизиғида назорат қилганлар ҳал қилмайди. Гап руслар Угледарни қўлга олишга уриниб дуч келган йўқотишларининг уни ҳимоя қилиш чоғида украиналиклар учраган йўқотишларга нисбати ҳақида бормоқда», — деди австриялик ҳарбий таҳлилчи Франц-Стефан Гади NYT’га.

Украина президенти Владимир Зеленский ҳам Украина охир-оқибат Кремль учун урушни Киев билан бўлишидан аввалроқ «чидаб бўлмас ҳолга келтиришга» умид қилишини айтди. «Ҳар ҳафта… бизнинг аскарларимиз босқинчига ҳақиқатда катта зарар етказмоқда ва бу энг муҳими — душманни йўқ қилиш», — деди у ўтган ҳафта мурожаатларидан бирида.

Бироқ NYT Россия президенти Владимир Путин иқтисодни уруш ҳолатига келтиргани ва урушни тўхтатишга тайёрлик аломатларини кўрсатмаётганини ҳисобга олиб, бу стратегиянинг реал эканига шубҳа қилмоқда.

Украина бу турдаги жангда ўзига хос ноқулай аҳволда: унда камроқ одам, техника ва қурол бор. УҚКнинг Курск вилоятидаги ҳужуми ҳам Украина ресурсларининг тугашига ҳисса қўшди, дея қўшимча қилди нашр.

Бироқ, Гади ва бошқа ҳарбий экспертларнинг фикрича, Украина қўшинлари Донбасс учун жангга дош бера олади ва сўнг қарши ҳужумга ўтиш учун Россия йўқотишлари тўпланувчи эффектга эга бўлишини кутишга қодир.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *