8 октябрь куни физика бўйича 2024 йилги Нобель мукофоти Жон Хопфилд (Принстон университети, АҚШ) ва Жеффри Хинтонга (Торонто университети, Канада) берилди. Бу ҳақда мукофотни топширувчи Стокгольмдаги Қироллик Каролинска тиббий-жарроҳлик институти хабар қилди.
Қайд этилишича, олимлар мукофотга сунъий нейрон тармоқларидан фойдаланган ҳолда машинали ўқитишни таъминлайдиган асосий кашфиётлар ва ихтироларга қўшган ҳиссаси учун муносиб кўрилган. Иккала лауреат ҳам статистик физика билан шуғулланиб келган.
2023 йилда физика бўйича Нобель электронлар бўйича экспериментал тажрибалар ўтказган олимлар Пьер Агостини, Ференц Крауз ва Анн Ле-Ҳуиллерга тақдим қилинганди.
Маълумот учун, куни кеча тиббиёт ва физиология бўйича Нобель мукофоти генлар фаолиятини бошқарувчи микроРНК молекулаларини кашф этган Виктор Амброс ва Гари Рувкунга топширилди. Ушбу йўналиш мукофот ҳафталигини очиб берди.
9 октябрда кимё, 10 октябрда адабиёт бўйича лауреатларнинг номи эълон қилинади. 11 октябр куни тинчлик мукофоти, 14 октябрда эса Альфред Нобель хотирасига иқтисод бўйича мукофот топширилади.