7 октябрь куни World Boxing халқаро ташкилоти президенти Борис ван дер Ворст Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитасига ташриф буюрди. Бу ҳақда қўмита матбуот хизмати хабар берди.
Учрашувда уни Спорт вазири Адҳам Икрамов, МОҚ бош котиби Ойбек Касимов, қўмита раиси ўринбосари, мамлакат бокс федерацияси раисининг биринчи ўринбосари Сакен Пўлатов ҳамда МОҚ раиси ўринбосари Шерзод Ташматов қарши олишди. Даставвал ван дер Ворстга МОҚнинг фаолияти, ўзбек спортининг шонли тарихи ҳақида маълумот берилди. Шундан сўнг томонлар иштирокида учрашув ўтказилди.
Йиғилишда Борис ван дер Ворст ташкилот фаолияти, унинг мақсадлари ҳақида маълумот берди. Унга кўра, бугунги кунга келиб, 49 давлат ушбу халқаро федерацияга аъзо бўлиб, бокс ривожи бўйича келгусида қатор истиқболли лойиҳалар режалаштирилган. Суҳбат давомида бокс бўйича Ўзбекистон эркаклар терма жамоасининг Париж-2024 ёзги Олимпия ўйинларида 7 та вазндан 5 тасида олтин медални қўлга киритгани, бугунги кунда Ўзбекистон бокс оламида жаҳонда етакчилардан бири экани ҳам тилга олинди. Қолаверса, расмийлар бокснинг Лос-Анжелес-2028 ёзги Олимпия ўйинлари дастурида сақланиб қолиши тарафдори эканини билдиришди.
Учрашувдан сўнг ташкилот президенти ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида Ўзбекистонга ташрифи ҳақида фикр билдириб, мамлакатдан қўллов олганидан хурсандлигини ёзди.
«Олимпия ўйинлари дастурида бокс спортини сақлаб қолиш миссиямиз Ўзбекистонда ҳам жуда қизғин вақт давом этмоқда. @olympic.uz [Ўзбекистон Олимпия қўмитаси] ва @boxinguzbekistan_official [Ўзбекистон бокс федератсияси] билан учрашув давомида мен ушбу гўзал мамлакатни Париж 2024-даги ажойиб ютуғи билан табриклаш имкониятига эга бўлдим. Бешта олтин медаль — 21-асрнинг энг яхши натижасини такрорлаш-ҳақиқатан ҳам ақл бовар қилмайди», — дея қайд этган у.
Бундан ташқари, расмий вакиллар билан биргаликда биз дунёдаги ҳар бир спорт залида ҳар бир боксчининг Олимпия орзуларини сақлаб қолиш муҳимлигини муҳокама қилдик. Ташкилоти бокс оламида устунликка эга Ўзбекистон томонидан кучли қўллов олганимиздан хурсандман, деб қўшимча қилди Борис ван дер Ворст.
Тадбир бўйича эълон қилинган хабарларда, шунингдек, Ўзбекистон миллий олимпия қўмитаси ҳамда Бокс федерацияси ходимларининг «Dunyouzbeklari.Com» сўровига берган жавобида мамлакатнинг мазкур ташкилотга аъзо бўлиши ёки йўқлиги ҳақида маълумот берилмади.
World Boxing халқаро ташкилоти ҳақида
Ташкилот ҳаваскор боксни тартибга солиш мақсадида, шунингдек, Халқаро Олимпия қўмитаси (ХОҚ) ва Халқаро бокс ассоциацияси ўртасидаги можароли (IBA) муносабатлар фонида ташкил этилган. Унинг ташаббускори Ўзбекистонга ҳам ташриф буюрган нидерландиялик Борис ван дер Ворстдир. Kun.uz`нинг ёзишича, у бир йил аввал «сайлов давридан ташқари ташвиқоти» туфайли IBA президентлик сайловидан четлатилган.
Кейинроқ амалдор Кремлёв бошқарувидан норози бўлган 18 та миллий ҳаваскор бокс федерациясини ўз ичига олган World Boxing ташкилотини тузди. Унинг мақсади «ҳаваскор бокснинг Олимпия келажагини сақлаб қолиш» деб аталди. Шу билан бирга, янги ташкилот ХОҚ таркибига кириш учун ариза юборган.
Ташкилот боксни Олимпия спорти сифатида сақлаб қолиш учун кампания олиб бормоқда. Шу жумладан Қозоғистон бокс федерацияси яқинда Халқаро бокс ассоциацияси (IBA) аъзолигидан чиқди ва мазкур янги ташкилотга (World Boxing) аъзо бўлиш ниятида. Мамлакат бокс федерацияси раиси буни маҳаллий боксчиларнинг Олимпия ўйинларидаги келажаги учун қилинаётганини маълум қилди.