• Пт. Ноя 8th, 2024

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Тошкент аэропортида соғлиғи ёмонлашган аёл касалхонада вафот этди



Тошкент аэропортида 7 октябрь куни «Дубай — Тошкент» рейси билан учиб келган аёлнинг тоби қочган. Аёлнинг яқинлари «Dunyouzbeklari.Com»га берган маълумотга кўра, у шу куни вафот этган.

Uzbekistan Airports компанияси ахборотига кўра, 7 октябрь куни 17:34 да Тошкент халқаро аэропорти тиббиёт пунктига учиб келиш залидаги йўловчилардан бири — 1986 йилда туғилган аёл ўзини ёмон ҳис қилаётгани ҳақида хабар келиб тушган.

«Йўловчи бош оғриғи ва ўзини ёмон ҳис қилаётганидан шикоят қилган… Соат 18:32 да „тез ёрдам“ машинаси йўловчини Тошкент аэропортининг учиб келиш залидан Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига олиб кетган», — дейилади компания ахборотида.

Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдиновнинг маълум қилишича, «тиббий реанимацион муолажаларга қарамасдан, аёлда биологик ўлим ҳолати қайд этилган». Марҳуманинг вафотини қайд этиш ҳужжатида унинг ўлими соат 18:55 да юз бергани кўрсатилган.

«Жияним С.Х. Наманган шаҳрида яшарди, бир ўғли бор. У савдогарлик билан шуғулланиб, Дубайдан маҳсулот олиб келиб сотарди. 2 кун олдин ҳам Дубайга маҳсулот учун кетган эди. 7 октябрда Тошкентга қайтгач, аэропортдан оила аъзоларига видеохабар жўнатган ва ўғлига олган нарсаларни ҳам кўрсатган», — дейди марҳуманинг «Dunyouzbeklari.Com» мухбири билан суҳбатлашган қариндоши.

«Видеода унинг соппа-соғ эканлигини кўриш мумкин. Уйдагилари уни кеча роса кутди, аммо у уйга келмаган. Кейинроқ жияним Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига тушиб қолгани ҳақида эшитдик. Яқинлари шифохонага борса, моргга олиб кетилганини айтишибди», — деди у.

Марҳуманинг аэропортда бўлган танишларига таяниб айтишларича, аёл самолётдан тушганида тетик бўлган, лекин аэропортнинг кутиш залида тоби қочган.

«Биз у ерда бўлмаганмиз ва ичкарида нималар бўлганини билмаймиз. Камералардаги видеоёзувларни кўрсак, балки ҳаммаси маълум бўлар. Шикофорларнинг айтишича, қариндошим кеча соат 22:00 ларда моргга олиб борилган экан. Бу ҳақда яқинларига хабар берилмаган, танишлар орқали эрталаб азонда хабар топдик», — дейди марҳуманинг қариндоши.

«Туркия ё Дубайга борган ўзбек аёллари ҳақида кўпчилик ёмон фикрда бўлади. Лекин қариндошим яхши ва ҳалол аёл эди. Оиласини ҳалол меҳнати билан боқарди», — дея қўшимча қилди у.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *