Тошкент шаҳри Юнусобод тумани прокуратураси катта терговчиси пора олиб, қочиб кетди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати маълум қилди.

Фуқаро И.Х. ариза билан мурожаат қилиб, унда терговчи Ш. Ш. унинг корхонасига очилган жиноят ишини ҳал қилиб бериш учун пул талаб қилганини айтган.

Ушбу ариза асосида 7 октябрь куни ўтказилган тезкор тадбирда терговчи келишилган 40 минг долларни олиб, жиноий таъқибдан қутулиш мақсадида номаълум томонга яширинган. Пул ашёвий далил сифатида расмийлаштириб олинган, тушунтирди Бош прокуратура.

Ҳолат юзасидан Ш. Ш.га нисбатан Жиноят кодексининг 210-моддаси 3-қисми «а» банди (Жуда кўп миқдорда пора олиш) билан жиноят иши қўзғатилди.

Айбланувчига нисбатан сиртдан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланиб, унга нисбатан қидирув эълон қилинди.