• Пт. Ноя 8th, 2024

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Бухородаги янги халқаро аэропорт ўтказувчанлиги икки баравар оширилади


Шавкат Мирзиёев 9 октябрь куни Бухоро халқаро аэропорти қурилишига оид тақдимот билан танишди, деб хабар берди президент матбуот хизмати.

Унда айтилишича, аэропортлар бошқарувига хусусий сектор жалб қилинаётгани ўз самарасини бермоқда. Хусусан, Самарқанд халқаро аэропорти хусусий бошқарувга берилиб, модернизация қилингач парвозлар ва йўловчилар сони 5 баробар ошган.

Шундай салоҳият Бухорода ҳам бор, лекин у ердаги аэропорт аҳоли ва туристлар талабига жавоб бермаяпти, деди давлат раҳбари. Мазкур аэропорт соатига 400 нафар ёки йилига 1 миллион йўловчига хизмат кўрсата олади холос. Бу — талабга нисбатан жуда паст.

Бундан ташқари, парвозларни бошқариш ва йўловчиларга хизмат кўрсатиш тизимлари, кутиш-кузатиш заллари эскиргани қатновларни кўпайтириш имконини чеклаяпти. Аксарият сайёҳлар Бухорога бориш учун Тошкент, Самарқанд ёки Урганч аэропортларига қўнишга мажбур бўлмоқда. Масалан, 9 ойда Бухорога ташриф буюрган 1 миллиондан зиёд хорижий туристларнинг 95 фоизи поезд ёки автомобилда борган.

«Вилоятда меҳмонхоналар тармоғи, зиёрат туризми ривожланиб бормоқда. Келгуси уч йилда Бухорога туристлар оқимини 8 миллионга етказиш режа қилинган», — дейилади хабарда.

Транспорт вазири Илҳом Маҳкамов.Транспорт вазири Илҳом Маҳкамов.

Шу боис жорий йил 31 майда президентнинг вилоятга ташрифи чоғида Бухоро туманида янги халқаро аэропорт қурилиши бошланган эди. Давлат-хусусий шериклик асосидаги ушбу лойиҳа доирасида жаҳон стандартларига мос аэропорт ташкил этилади. Соатига 1 минг 200 нафар йўловчига хизмат кўрсатиш имконияти яратилади. Йўловчи ва ҳаво кемаларига сервис сифатини ошириш орқали янги халқаро авиакомпаниялар жалб қилинади. Президентнинг таъкидлашича, ҳозирги ҳаво бандаргоҳи «сайёҳлар оқимини икки баравар ошириш режаси учун кичиклик қилмоқда».

Тақдимотда лойиҳанинг техник-иқтисодий жиҳатлари тўғрисида ахборот берилди. Шавкат Мирзиёев янги аэропортда ўтказувчанлик қобилиятини 2 баробар ошириб, соатига 8 та самолёт келиш-кетишига имконият яратиш зарурлигини таъкидлади. Терминалнинг қулайликлари, ички ва ташқи қиёфаси бўйича тавсиялар берилди.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *