Флорида (АҚШ) штатига «Милтон» тўфони келиши муносабати Ўзбекистоннинг мамлакатдаги элчихонаси фуқароларга эҳтиёт чораларини кўришни тавсия қилди, дея хабар бермоқда «Дунё» ахборот агентлиги.
Ваколатхона фуқароларга тез ёрдам керак бўлса, элчихонанинг қуйидаги телефон рақамларига мурожаат қилишларини сўради: +1−202−251−8298, +1−202−300−9526.
Шунингдек, АҚШ Фавқулодда вазиятлар федерал агентлигининг қуйидаги ишонч телефонлари билан боғланишни тавсия қилинди:
- шошилинч тиббий ёрдам: 911;
- Фавқулодда вазиятлар федерал агентлигининг «ишонч телефони»: (800) 621−3362/ (800) 462−7585/ (800) 985−5990, умумий масалалар бўйича: 202−646−2500;
- Флорида штати кўмак линияси: +1−800−342−3557.
- Флорида штати Эвакуация қилишга кўмаклашиш хизмати: +1−800−729−3413.
«Милтон» АҚШ Миллий тўфонлар маркази (NHC) томонидан 5-тоифа сифатида баҳоланди. Бу тоифадаги бўронлар «ҳалокатли» деб ҳисобланади, унда шамол тезлиги 249 км/соатга етади ва «жуда жиддий ва кенг кўламли зарар» келтиради.
Эслатиб ўтамиз, Флорида ҳукумати «Милтон» тўфони яқинлашаётгани сабабли штатнинг 5,5 миллиондан ортиқ аҳолисини уйларини тарк этишга ва эвакуация қилишга чақирганди. Бу штат тарихидаги энг йирик эвакуациялардан бири. Штатнинг жами 28 округи тўфондан огоҳлантириш остида, юзлаб рейслар бекор қилинган.