Янги Бухоро аэропорти шаҳар марказидан 26 км узоқликда жойлашади. Бу ҳақда Uzbekistan Airports раҳбари Жавлонбек Умархўжаев «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервьюсида маълум қилди.
Аввалроқ хабар қилинганидек, Шавкат Мирзиёев 9 октябрь куни Бухоро шаҳридаги янги халқаро аэропорт лойиҳаси тақдимоти билан танишди. Давлат раҳбари матбуот хизмати хабарига кўра, мавжуд аэропорт аҳоли ва сайёҳлар талабига жавоб бермайди.
31 май куни президентнинг вилоятга ташрифи чоғида Бухоро вилоятида янги халқаро аэропорт қурилиши бошланган. Лойиҳа доирасида давлат-хусусий шериклик асосида халқаро стандартларга жавоб берадиган инфратузилма яратилади, дейилади хабарда.
Аэропорт соатига 1200 ёки йилига 3 миллиондан ортиқ йўловчига хизмат кўрсатиш имкониятига эга бўлади. Йўловчилар ва ҳаво кемаларига хизмат кўрсатиш сифатини ошириш орқали янги халқаро авиакомпанияларни жалб этиш режалаштирилмоқда.
Тақдимот слайди.
Тақдимотда лойиҳанинг техник-иқтисодий жиҳатлари ҳақида маълумот берилди.
Давлат раҳбари янги аэропортнинг ўтказиш қобилиятини икки баробар ошириш, соатига 8 та самолётни қабул қилиш ва жўнатиш имкониятини яратиш зарурлигини таъкидлади. Шунингдек, терминалда шароитлар яратиш, унинг ички ва ташқи кўриниши бўйича тавсиялар берди.
Жавлонбек Умархўжаев.
Uzbekistan Airports раҳбари Жавлонбек Умархўжаевнинг айтишича, янги аэропорт Бухоро шаҳри марказидан 26 км узоқликда жойлашади. Уни қуриш учун 307 гектар ер ажратилган (вилоят ҳокимига кўра, 380 гектар).
«Бу ҳудудни танлаб олиш учун Uzbekistan Airports ва тегишли ташкилотлар томонидан қарийб 1200 гектар майдонда ўрганиш олиб борилди. Бу, авваламбор, геология, гидрогеология ўрганишлари ва уларнинг натижасида қурилишни амалга ошириш учун энг мақбул бўлган ва нормаларга тўғри келадиган ер қатлами, ер ости сувлари даражаси пастлиги бўйича мақбул ер участкаси танлаб олинди», — деди у.
Компания раҳбарининг сўзларига кўра, хорижлик консултантлар билан лойиҳанинг техник-иқтисодий асосларини (ТИА) ишлаб чиқиш бўйича ишлар якунланмоқда.
Бундан ташқари, авиация билан боғлиқ бўлмаган фаолият турларини, жумладан, duty-free дўконлар ва савдо объектларини ташкил этишни ривожлантириш кўзда тутилган.
Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зариповнинг маълум қилишича, янги аэропортдан Бухоро шаҳри марказигача бўлган 26 километрлик йўл бўйлаб савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари қурилиши режалаштирилган.
Тақдимот слайди.
Унинг айтишича, Бухоро вилоятида туризмдан тушган валюта тушуми 450 млн долларни ташкил этади. Аэропорт қурилиши ва сайёҳлар оқимининг кўпайиши ҳисобига бу кўрсаткични 300 минг иш ўрни яратиш ҳисобига 1 млрд долларга етказиш режа қилинмоқда.
2022 йилнинг апрель ойида президентга Бухоро аэропортида давлат-хусусий шериклик асосида янги халқаро йўловчи терминалини қуриш лойиҳаси тақдим этилганди. Хусусий шерикни тендер орқали танлаш режалаштирилганди (2023 йил кузида). Инвестиция ҳажми 136 млн долларни ташкил қилиши, лойиҳани 2022−2024 йилларда амалга ошириш кўзда тутилганди.
Ўшанда Uzbekistan Airports акциядорлик жамияти бошқарувининг собиқ раиси Раъно Жўраева янги терминал локацияси ўзгармаган ҳолда Бухоро аэропорти ёнида қурилишини маълум қилганди.
Президент Шавкат Мирзиёев 1 июнь куни Бухоро вилоятида бўлиб ўтган йиғилишда Бухоро вилоятида янги аэропорт қуриш зарурлиги ҳақида шундай фикр билдирганди: «Бухоро аэропорти туристлар оқимини 2 баравар ошириш режамизга кичиклик қиляпти. У йилига 1 миллион йўловчини қабул қилади — бу жуда кам. Кеча Бухоро туманида ҳозиргидан уч баравар кўп қувватга эга 226 миллион долларлик янги, замонавий халқаро аэропорт қуришга старт бердик. Қурувчиларга ҳамма шароитини яратиб, пулларни ҳам топишга ҳаракат қилдик. Сифат ва муддатини келишиб олдик».