«Милтон» тўфони кечқурун Флориданинг ғарбий қирғоқлари бўйлаб ўтиб, торнадолар келтириб чиқарди ва Атлантика океанига киргунга қадар ўнлаб уйларни вайрон қилди, деб хабар бермоқда Reuters. 3 миллиондан ортиқ уй ва корхона электр энергиясисиз қолди.
АҚШ Миллий тўфонлар маркази маълумотларига ко’ра, «Милтон» Флоридага чоршанба куни маҳаллий вақт билан соат 20:30 атрофида кириб келган, шамол тезлиги 195 км/соатга етган.
«Милтон» ҳали Мексика кўрфазида бўлган вақтда, унга Саффир-Симпсон шкаласи бўйича бешинчи мураккаблик тоифаси берилган эди, аммо у қуруқликка етиши билан метеорологлар уни учинчи тоифагача туширди. Ҳозирда у биринчисигача заифлашган.
Флорида губернатори Рон ДеСантиснинг айтишича, «Милтон» камида 19 та торнадони келтириб чиқарган, улар бир нечта округларга зарар этказган ва 125 га яқин уйни вайрон қилган, уларнинг аксарияти кўчма уйлар ҳисобланади.
Унинг таъкидлашича, табиий офатга биринчи бўлиб рўпара келган Тампа кўрфази қирғоғи энг ҳалокатли прогноздан қутилиб қолган. «Бўрон сезиларли эди, лекин хайриятки, бу энг ёмон сценарий бўлмади», — деди ДеСантис.
Сент-Люси округи расмийлари торнадодан кейин қариялар уйида камида тўрт киши ҳалок бўлганини тасдиқлади.
«Милтон», шунингдек, Сент-Питерсбергдаги Tropicana Field бейсбол стадиони гумбазли томининг бир қисмини бузиб ташлади.
Бундан ташқари, тўфон штат бўйлаб дарёларда кучли сув тошқини келтириб чиқарди, сув сатҳи рекорд даражада ёки унга яқин бўлди. Ўнлаб уйлар ва йўлларни сув босиши хавфи бор.
FlightAware сайти маълумотларига кўра, пайшанба куни эрталаб Флоридага ва ундан 2209 та рейс бекор қилинган.
- «Милтон» яқинлашмасдан олдин Флорида 5,5 миллиондан ортиқ аҳолини эвакуация қилишни буюрди, бу штат тарихидаги энг йирик эвакуациялардан бири бўлди. Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонаси фуқароларни эҳтиёткорликка чақирди.
- «Милтон»дан бир неча ҳафта олдин АҚШнинг жануби-шарқида, жумладан, Флоридада Ҳелен тўфони келиб, 200 дан ортиқ одамни ҳалок қилди.