• Чт. Ноя 7th, 2024

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

«Биз икки очко йўқотдик, лекин бу фожиа эмас». Элдор Шомуродов — Ўзбекистоннинг Эронга қарши ўйини ҳақида


Футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи ёрдамчиси Владо Радманович 2026 йилги жаҳон чемпионати саралашининг 3-босқичи доирасидаги Эрон билан учрашувдан сўнг ўтказилган матбуот анжуманида ўйин ҳақидаги фикрларини билдирди. 10 октябрь куни Тошкентда бўлиб ўтган ўйин 0:0 ҳисобида якунланганди (ўйиндан фоторепортаж).

Учрашувда Эрон терма жамоаси ҳимоячисининг қизил карточка олгани туфайли 57-дақиқадан бошлаб майдонда 1 киши кам бўлиб ҳаракат қилди.

«Ўйиндан олдин учрашув қийин кечишини билардик. Чунки Эрон Осиёнинг энг яхши жамоаларидан бири. Ўйлайманки, бизда ғалаба қозониш учун 50/50 даражада имконият бор эди. Жалолиддин [Машарипов]да яхши имконият бўлди, уларда ҳам яхши вазият бўлди. Умуман олганда, учрашувда бундай қулай вазиятлар кўп бўлмади, лекин шунга қарамай ўйин қизиқарли бўлди, деб ўйлайман», — деди мутахассис.

У учрашувга ташриф буюрган барча мухлисларларга ва оммавий ахборот воситаларига қўллаб-қувватлагани учун миннатдорчилик билдирди. «Биз бир ўйиндан иккинчисига ўтиб боряпмиз. Бизда яна еттита ўйин бор. Ҳар бир ўйин бугунгиси каби жиддий бўлади. Кейинги ўйинда биз БААни қабул қиламиз. Бу учрашувда ҳам бугунги каби қўллаб-қувватлашни кутамиз», — деди Владо Радманович.

Матбуот анжуманида журналистлар мураббий ёрдамчисидан сўнгги дақиқаларда Ўзбекистон дарвозасига пенальти белгиланган ва VAR аралашувидан сўнг бекор қилинган, шунингдек, VAR кўриб чиқиб, қизил карточка берилган ўйиндаги ҳакамлик даражасини баҳолашни сўради. Радманович эса мураббийлар ҳакам ҳақида гапирмаслиги ва уларнинг ҳаракатига баҳо бермаслиги керак, деб ҳисоблашини таъкидлади.

Мутахассис бош мураббий қачон терма жамоага қайтиши ва касаллик туфайли қанча вақт майдонда бўлмаслиги ҳақидаги саволларга жавоб бера олмади. «Учрашув давомида биз у билан доимий алоқада бўлиб турдик, аммо буни барибир унинг шу ерда ўзи бўлган вазият билан солиштириб бўлмайди», — деди у.

Владо Радманович, шунингдек, ўйинчиларнинг ўйинга тўлиқ, айниқса, жисмонан тайёрланишлари учун одатдагидан камроқ вақт бўлганини таъкидлади. Эрон билан учрашувгача жамоа иҳтиёрида фақат 3 кун бўлган.

Журналистлардан бири Эрон деярли бутун иккинчи бўлимни бир киши кам бўлиб ўтказгани, шунга қарамай ўзбекистонлик футболчилар хавфли вазиятлар ярата олмагани, дарвозага бирорта ҳам аниқ зарба бермагани ва фақат ҳужумчи Элдор Шомуродовга юқоридан узатма бериш билан чекланиб қолганини таъкидлади. У, шунингдек, нега ярим ҳимоячилар Отабек Шукуров ва Одил Ҳамробеков алмаштирилмаганини сўради.

Владо Радманович ОАВ вакилининг фикрига қўшилди. «Эҳтимол, бу бизнинг хатомиз бўлди. Кейинги учрашувларда буни тузатишга ҳаракат қиламиз», — деб жавоб берди у.

Мутахассис, шунингдек, Остон Ўрунов ўйинолди машғулотидан сўнг оғриқ сезгани боис захирада ҳужумкор ўйинчилар бўлмаганига ҳам тўхталиб ўтди. Кейинроқ у ўзини яхши ҳис қилаётганини айтган, шу сабаб иккинчи бўлимда майдонга тушган. «Бизда ҳужумчилар кўп эмас. Биз эрталаб 3−4−5−6 ярим ҳимоячи вариантини муҳокама қилдик, аммо B режасини топишга ҳаракат қиламиз», — деди мураббий ёрдамчиси.

Жамоа сардори Элдор Шомуродов жамоа яхши ўйин кўрсатганини айтди.

«Ёмон ўйнамадик деб ўйлайман. Охирги 10 дақиқани айтмаганда, дарвозамиз дахлсизлигини сақлаб қолдик. Охирги 10 дақиқада, чарчаган вақтимизда совуққонликни сақлаб қолишимиз керак эди, деб ўйлайман. Умуман олганда, биз икки очко йўқотдик, лекин бу катта катастрофа деб айта олмайман. Чунки гуруҳда биринчи ўринни сақлаб қолдик», — деди жамоа сардори.

Ҳужумчи жамоанинг асосий вазифаси жаҳон чемпионатига чиқиш эканини эслади.

«Ва мана шу Жаҳон чемпионатига чиқиш учун секин ўйиндан ўйинга қадам қўйиб борамиз. Шунинг учун бугунги бир очкони қадрсизлантира олмаймиз. Ҳозирча яхши, Худо хоҳласа, кейинги ўйинда бугунги икки очко йўқотганимизнинг ўрнини тўлдириб, уч очкони қўлга киритамиз, деб ўйлайман», — дейди футболчи.

Элдор Шомуродов, шунингдек, Эрон билан учрашувлар ҳеч қачон осон бўлмаганини таъкидлади.

«Ҳар доим қийин бўлган. Ўзбекистон кучсизлангани ёки Эрон кучайгани йўқ, ҳаммаси ҳар доимгидек… Учрашувдан кейин хафа бўлганимиз сабаби — ютиш учун яхши имкониятимиз бор эди. Эрон 10 киши бўлиб қолди. Яхшироқ ўйин кўрсатишимиз мумкин эди… Бир очко биз учун ёмон натижа эмас, чунки бу финал эмас ёки охирги ўйин ҳам эмас. Олдинда еттита [саралаш] ўйинимиз бор… Бундан қаттиқ ташвишланмаслигимиз керак», — деди футболчи.

владо радманович, жч-2026 саралаши, футбол, элдор шомуродов, эрон

Уч тур якунларига кўра, Ўзбекистон 7 очко билан А гуруҳида биринчи ўринни сақлаб қолди. Кейинги ўринларда Эрон (7), БАА (4) ва Қатар (4) бормоқда.

15 октябрь куни Ўзбекистон Тошкентда БААни қабул қилади. Учрашув соат 19:00 да бошланади.

Эслатиб ўтамиз, жаҳон чемпионати саралашининг учинчи босқичида 18 та терма жамоа олтитадан учта гуруҳга бўлинган. Гуруҳнинг энг яхши икки жамоаси тўғридан-тўғри ЖЧ-2026 финал босқичига йўл олади. Учинчи ва тўртинчи ўринларни эгаллаган жамоалар яна иккита тўғридан-тўғри йўлланма ва қитъалараро плей-офф йўлланмаси учун тўртинчи босқичда ўйнайди.

Учинчи саралаш босқичи икки даврада (10 тур) ўтказилади. Босчиқ 2024 йил 5 сентябрда бошланган ва 2025 йил 10 июнда тугайди.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *