Фан олимпиадалари ғолибларига тўланадиган пул мукофотлари ва бериладиган совғалар даромад солиғидан озод этилади.
«Иқтидорли ёшлар билан ишлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент қарори қабул қилинди.
Ҳужжат билан 2025 йил 1 январдан нуфузли халқаро олимпиадаларда иштирок этадиган терма жамоалар раҳбарларини жамоанинг натижасига қараб рағбатлантириш тартиби жорий этилади.
Шунингдек, асосий фан олимпиадаларининг ҳудудий ва республика босқичларида ҳамда халқаро олимпиадаларда ғолибликни қўлга киритган ўқувчилар, уларнинг ўқитувчилари ва терма жамоалар раҳбарларига тўланадиган пул мукофотлари ва бериладиган совғалар даромад солиғидан озод этилади.
Қолаверса, 2025 йил 1 декабргача халқаро ва маҳаллий фан олимпиадалари натижаларининг доимий статистикасини юритиш, онлайн фан олимпиадаларини ташкил қилиш ва ўтказиш имконини берувчи электрон платформа яратилади. Унда, шу билан бирга, олимпиадалар иштирокчиларининг маълумотлар базасини шакллантириш мумкин бўлади.