«Ифода Агро Кимё Ҳимоя» ўғит ишлаб чиқарувчи корхонаси АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) кўмагида Наманган вилоятида гранулали органоминерал ўғитлар (органик компонентнинг минерал озуқалар билан аралашмаси) ишлаб чиқариш заводини ишга туширди.
11 октябр куни Чуст вилоятидаги «Наманган» эркин иқтисодий зонасида ўтказилган очилиш маросимида USAID администратори ёрдамчисининг ўринбосари Анжали Кор, USAID’нинг Ўзбекистондаги миссияси директори Дэвид Хоффман, Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов ва бошқалар иштирок этди. Бу ҳақда АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси матбуот хизмати хабар берди.
Компания заводни қуриш ва жиҳозларини сотиб олишга 1 миллион доллар сармоя киритди, шунингдек, USAID’нинг ўғитлар ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлаш ва самарали фойдаланиш жамғармасидан ўғитлар ишлаб чиқариш учун ускуналар кўринишидаги 460 минг доллар миқдоридаги қўшма инвестициялар олди.
2022 йилда USAID ўзбек фермерлари ва ўғит ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш орқали озиқ-овқат билан таъминлашни яхшилаш учун 2 миллион доллар маблағ ажратилишини маълум қилганди. Ташаббус маҳаллий ўғитлар ишлаб чиқаришни кўпайтириш ва унинг сифатини яхшилаш орқали аҳолининг заиф қатламларини глобал озиқ-овқат инқирозининг ёмонлашувидан ҳимоя қилишга қаратилганди. Бу маблағнинг қарийб ярми ўғитлар ишлаб чиқариш ва улардан самарали фойдаланишни қўллаб-қувватлаш жамғармасига йўналтирилган.
Маросимда сўзга чиққан Шавкатжон Абдураззоқов заводнинг ишга туширилиши вилоят иқтисодиётини ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлашга хизмат қилишига ишонч билдирди. Хусусан, вилоят ҳокимлиги матбуот хизматининг хабар беришича, корхонада 100 та янги иш ўрни яратилган.
«Ўғитларнинг нархи кўтарилиб бораётганини ва бунинг озиқ-овқат маҳсулотларининг жаҳон нархларига таъсирини инобатга олган ҳолда, фермерлар учун улардан эркин фойдаланиши ва мавжудлигини таъминлаш жуда муҳимдир», — деди Анжали Каур. Янги замонавий корхона озиқ-овқат маҳсулотларини кўпайтириш, сифатини ошириш ва экспорт салоҳиятини ўстириш имконини беради, деди у.
Дэвид Хоффман USAID томонидан фермерларнинг ўғитлардан самарали фойдаланиш бўйича билим ва хабардорлигини ошириш борасида ҳам ишлар олиб борилаётганини таъкидлади. «Ифода» 2019 йилда фермерларга оптимал ҳосилдорликни таъминлаш учун зарур бўлган ўғит навлари ва миқдорини аниқлашда ёрдам бериш учун доимий тупроқ синов лабораториясини очганди. «Ифода» ва USAID, шунингдек, тупроқ таҳлили бўйича мобил хизматларни жорий қилиш бўйича ҳамкорлик қилмоқда.
27 йил аввал ташкил этилган «Ифода Агро Кимё Ҳимоя» корхонаси экинларни ҳимоя қилиш воситалари ва ўғитлар ишлаб чиқариш билан бирга, фермерларга маслаҳат хизматларини ҳам кўрсатади. Корхонада бунгача суюқ, кукунли ва гранулали ўғитлар ишлаб чиқарувчи иккита завод бўлган бўлиб, йиллик қуввати 130 минг тонна эди. Маҳсулотлар МДҲ, Туркия, Европа Иттифоқи мамлакатларига ҳам экспорт қилинмоқда, дейди корхона бош директори Қодирбек Мирзамахмудов.
Заводнинг қуввати йилига 125 миллиард сўмлик 115 минг тонна ўғит ҳисобланади, режалаштирилган экспорт ҳажми эса 7 миллион долларни ташкил этади.