• Ср. Ноя 13th, 2024

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

«Худо хоҳласа, 2025 йилда энерготарифлар ислоҳотининг асосий босқичи якунланади» — бош вазир ўринбосари



Ўзбекистонда электр энергияси ва газ тарифлари ислоҳотининг асосий босқичи 2025 йилда якунланиши режалаштирилмоқда. Бу ҳақда бош вазир ўринбосари, иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров 10 октябрь куни Петербург халқаро газ форумида гапирди.

«Мамлакатимиз газ бозорида катта ўйинчи эмас — биз йирик экспортчи ҳам, йирик импортёр ҳам эмасмиз… Шу билан бирга, биз ҳам барча давлатлар каби иқтисодиётимиз ҳамда одамларимизни энергия ресурслари билан ишончли асосда таъминлаш ҳақида ўйлаймиз ва бунинг чораларини кўрамиз», — деди у.

Жамшид Қўчқоровнинг сўзларига кўра, сўнгги йилларда Ўзбекистон ялпи ички маҳсулотининг ўсиш суръати 6 фоиздан ошган. Ўзбекистон иқтисодиёти «кўп энергия» истеъмол қилади, ялпи ички маҳсулотга нисбатан харажатлар эса «бизда бошқа МДҲ мамлакатларидагидан кўра кўпроқ».

«Аҳоли ҳам ошиб бормоқда. Ва, албатта, газга бўлган талаб ҳам ортиб бормоқда. Лекин, шу билан бирга, танганинг бошқа томони ҳам бор. Бу Ўзбекистон иқтисодиётинг энергия сарфи юқори эканидир. Ва, айниқса, эски корхоналар, жумладан, газда ишловчи электростанциялар, албатта, жуда энергия тежамкор эмас. Шу сабабли, бир томондан, эҳтиёж ортиб бормоқда, иккинчи томондан, биз бутун иқтисодиётнинг энергия самарадорлигини ошириш устида ишлаяпмиз», — деди Иқтисодиёт ва молия вазирлиги раҳбари.

Бош вазир ўринбосарининг фикрича, электр энергиясини тежаш ва энергосамарадор бўлиш ҳақидаги одатий чақириқ «иш бермаяпти», шунинг учун 2023 йилда мамлакатда энергия тарифларини ислоҳ қилиш бошланди.

«Худо хоҳласа, келгуси йилда тариф ислоҳотининг асосий босқичи якунланади. Бу, албатта, аҳоли ҳам, хўжалик юритувчи субъектлар ҳам энергия ресурсларидан рационал фойдаланишига хизмат қилади», — деди у.

Жамшид Қўчқоров, шунингдек, Ўзбекистон газ транспорти тизимини (ГТТ) модернизация қилишни режалаштираётгани ва бу борада Қозоғистон ва Россиянинг «Газпром» компанияси билан ҳамкорлик қилишдан манфаатдор эканини маълум қилди. Аввалроқ ҳукумат «шимолдан» газ импорти ҳажмини ошириш учун ГТТни модернизация қилишга 500 млн доллар сармоя киритишни режалаштираётгани хабар қилинганди. Ўзбекистон ҳозирда бу йўналиш орқали Россия газини олади. Етказиб бериш ҳажмини кунига 9 млн куб метрдан 32 млн куб метргача ошириш режалаштирилган.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон ҳукумати 1 октябрдан бошлаб йирик корхоналар, бюджет ташкилотлари, компаниялар ва бошқа юридик шахслар учун электр энергияси ва газ нархларини 2−2,7 бараварга оширди.

1 майдан бошлаб эса мамлакатда электр энергияси ва газ тарифлари кескин оширилди, шунингдек, электр энергияси истеъмоли учун ижтимоий норма жорий этилди.

Ҳукумат қарорига кўра, 2025 йил 1 апрелдан тарифлар яна ошади. Маиший истеъмолчилар учун 1 кВт/соат электр энергиясининг нархи ойига 200 кВт/соатгача истеъмол учун 450 сўмдан 600 сўмгача кўтарилади. Бошқа истеъмолчилар, жумладан, корхоналар учун электр энергияси нархи 900 сўмдан 1000 сўмгача ошиши режалаштирилган.

Аҳолига етказиб бериладиган табиий газнинг бир куб метри нархи базавий тариф доирасида 650 сўмдан 1000 сўмгача оширилади.

2024 йил апрель ҳолатига кўра, электр энергияси таннархи 1 кВт/соат учун 1000 сўмга яқин, газники эса — куб метри учун 2000 сўм атрофида. Нарх корхоналарнинг операцион харажатларини, шу жумладан, инвестиция лойиҳалари билан боғлиқ харажатларини, кредитларни қайтариш ва импорт қилинадиган энергия ресурслари харажатларини ўз ичига олади.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *