Ўзавтосаноат 2024 йилнинг дастлабки уч чорагида сотилган маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг автомобиллари бўйича статистикани тақдим этди.
Январдан сентябргача мамлакатда маҳаллий ишлаб чиқарувчилар 303 минг 373 та автомобиль сотган. Жумладан, UzAuto Motors 271 минг 221 та, ADM Jizzakh 19 минг 766 та, BYD Uzbekistan Factory 11 минг 580 та автомобилни харидорларга етказиб берган.
Корхоналарнинг маҳаллий бозордаги улуши UzAuto Motors`да 89,4 фоиз, ADM Jizzakh`да 6,5 фоиз, BYD Uzbekistan Factory`да 3,8 фоизни ташкил этган.
Брендлар бўйича Chevrolet`дан кейинги ўринларни Kia, BYD ва Chery эгаллаган.
Моделлар бўйича юқори ўнталикдан Chevrolet`нинг Cobalt, Damas, Tracker, Onix, Labo, Lacetti`си билан бирга BYD Song Plus Champion DMI, Kia Sonet, BYD Chazor, Chery Tiggo 7 Pro`лар ўрин эгаллади.
Аввалроқ ADM Jizzakh автомобиль заводи Ўзбекистон бозорининг камида 25 фоизини эгаллаш ниятида, дея маълум қилганди компания бош директори Дониёр Давлетяров. Ҳозирда заводда Haval (Хитойнинг Great Wall Motors компанияси), Chery (Хитойнинг Chery Intermational компанияси) ва Kia (Жанубий Кореянинг Kia Motors компанияси) брендлари остида автомобиллар ишлаб чиқарилмоқда.
Шунингдек, 2023 йилда UzAuto Motors 4,85 млрд долларлик 369,99 минг дона автомобиль ишлаб чиқариб, Ўзбекистон автомобиль бозорининг 81 фоизини эгаллаганди. ADM Jizzakh улуши 5,5 фоизни ташкил этган, бозорнинг қолган улуши импорт, жумладан, 291 млн долларлик 8948 та BYD автомобили ҳиссасига тўғри келганди.