Шавкат Мирзиёев жума куни Ашхободда Туркманистон Халқ Маслаҳати раиси Гурбангули Бердимуҳамедов билан учрашди. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти матбуот хизмати хабар берди.
Шавкат Мирзиёев Туркманистоннинг собиқ президентини шоир ва мутафаккир Махтумқули Фироғий таваллудининг 300 йиллигига бағишланган халқаро форум юксак даражада ўтказилгани билан муборакбод этди.
У туркман халқининг миллий етакчисига Махтумқулининг ўзбек тилида нашр этилган танланган асарлари тўпламини совға қилди.
Суҳбатда Ўзбекистон-Туркманистон стратегик шериклик муносабатларини янада кенгайтириш, кўп қиррали ҳамкорликни, айниқса, сиёсий, парламентлараро, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳаларда чуқурлаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
«Ўзаро товар айирбошлаш жадал ўсаётгани, биргаликда чегараолди савдо ҳудуди барпо этилаётгани, энергетика, транспорт, қишлоқ ва сув хўжалиги соҳаларида ҳамкорлик кучайиб бораётгани мамнуният билан қайд этилди», — дейилади хабарда.
Шунингдек, ҳудудларлараро, ишбилармонлик ва маданий-гуманитар алмашинув доирасидаги тадбирлар мунтазам равишда ўтказиб келинаётгани муҳокама қилинди.
Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев форумда сўзлаган нутқида туркман шоири мероси шарқ шеърияти ва жаҳон адабиётини бойитганини таъкидлади. «Махтумқули ўзбек халқи учун ҳам ғоят ардоқли ва суюкли сиймо», — деди давлат раҳбари.
Президент бу йил Ўзбекистонда Махтумқули Фироғий таваллудининг 300 йиллиги кенг нишонланишини эслатди. «Бугун Тошкент шаҳри ва ҳудудларимиздаги ўнлаб кўча ва хиёбонлар Махтумқули номи билан аталади. Тошкент ва Хива шаҳарларида бу улуғ сиймо хотирасига бағишлаб бунёд этилган ёдгорлик мажмуалари табаррук зиёратгоҳларга айланган», — дея қўшимча қилди у.
Форумда Туркманистон, Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Эрон, Покистон, Мўғулистон ва Арманистон президентлари, шунингдек, парламент раҳбарлари, халқаро ва минтақавий ташкилотлар раҳбарлари иштирок этди.