Тошкент шаҳрининг Учтепа туманидаги 62-мактабда дарс вақтида мушук боласини иккинчи қават деразасидан улоқтирган ўқитувчи лавозимидан олинди, дея хабар бермоқда пойтахт мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси матбуот хизмати.
Мушукча иккинчи қаватдан қулаши оқибатида тос суяги синиши, умуртқа поғонаси шикастланиши, ички аъзоларида кўкаришлар каби жароҳатлар олган ва кейинчалик вафот этган.
Суд ўқитувчига ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиш моддаси бўйича базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари (375 минг сўм) миқдорида жарима солган.
Бошқарманинг қайд этишича, 62-сонли мактаб директорига «жамоада назоратни сусайтиргани, ўз хизмат вазифасига масъулиятсизлик билан ёндашгани учун» ҳайфсан интизомий жазоси берилди.
Аввалроқ бошқарма ўқитувчи «ўқувчилар дарс машғулотлари пайтида чалғимасликлари учун» мушукни деразадан ташлаб юборганини ва мушук жиддий жароҳатлар олмаганини билдирганди.