Сентябрь ойида Ўзбекистон аҳолиси ва тадбиркорларнинг келгуси 12 ойлик инфляция кутилмалари ўсишда давом этди, бу Марказий банк томонидан ўтказилган сўров натижаларидан маълум бўлди.
Ўтган ой охирида аҳоли ўртасида нарх кутилмалари 13,1 фоизга (август ойига нисбатан +0,2 фоизга), тадбиркорлар ўртасида 12,6 фоизга (+0,1 фоизга) ошди.
Бу сафар ҳам Тошкент шаҳри аҳоли ўртасида пессимистик инфляция кутилмалари бўйича етакчига айланди. Резидентлар инфляцияни 15,2 фоиз (+0,2), тадбиркорлар 13,3 фоиз (+0,3%) даражасида баҳоламоқда.
Сурхондарё (14,4 фоиз), Самарқанд (14,1 фоиз) ва Тошкент (13,7 фоиз) вилоятлари аҳолиси ҳам нархлар ўсишининг юқори суръатларини кутмоқда.
Тошкент (14,4 фоиз) ва Жиззах (14,3 фоиз) вилоятлари тадбиркорлари келгусидаги инфляция суръатларини бошқа ҳудудларга нисбатан юқорироқ бўлишини тахмин қилмоқда.
Сентябрь ойида аҳоли ўртасида ўтказилган сўровларда нархлар ошишига таъсир кўрсатиши мумкин бўлган асосий омил валюта курсининг ўзгариши бўлди — респондентларнинг 50 фоизи ушбу вариантни танлаган (август ойида — 42 фоиз). Эслатиб ўтамиз, сентябрь охирида доллар миллий валютага нисбатан 90 сўмга (+0,71 фоиз) мустаҳкамланган эди. Умуман олганда, йил бошидан буён сўм атиги 3,1 фоизга девалвацияга учраган.
Иккинчи ўринда кетма-кет бешинчи ой давомида ёқилғи-энергетика ресурслари (электр энергияси, газ) нархларининг ошиши сақланиб қолмоқда. Сентябрь ойида сўровда қатнашганларнинг 47 фоизи (46 фоизи) бу омил кейинги 12 ой ичида нархлар ошишига таъсир қилишини билдирган.
Коммунал хизматлар нархларининг ошиши учинчи ўринга тушди — респондентларнинг 45 фоизи шундай фикрда (49 фоиздан). Бунинг ортидан иш ҳақи ва пенсиялар — 39 фоиз (40 фоиз), монополиялар ва сунъий нархларнинг ошиши — 29 фоиз (27 фоиз), транспорт харажатларининг ўсиши — 28 фоиз (26 фоиз).
Тадбиркорлик субъектлари учун нархлар ошишининг асосий омили ҳам валюта курсининг ўзгариши бўлди — респондентларнинг 51 фоизи (42 фоиздан), коммунал хизматлар нархининг ўсиши — 46 фоиз (47 фоиз), шунингдек, ёқилғи-энергетика ресурслари — 44 фоиз (45 фоиз).
Бунинг ортидан иш ҳақи ва пенсияларнинг ўсиши — 38% (38%), транспорт харажатларининг ўсиши — 31% (31%), хомашё нархининг ошиши — 27% (26%), юқори даражадаги солиқ юки — 27% (27%) каби омиллар келади.
Инфляция кутилмалари энг юқори даромадга эга (15 миллион со’мдан юқори) аҳоли гуруҳлари орасида — 14,7 фоиздан 15,8 фоизгача (+1,1 фоиз) ёмонлашди.
Маълумот учун, инфляцион кутилмалар — аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг келгуси давр учун инфляция даражаси тўғрисидаги тахминлари. Инфляция кутилмаларига асосланиб, ишлаб чиқарувчилар ва истеъмолчилар, сотувчилар ва харидорлар ўзларининг келгусидаги инвестиция, кредит, молиявий ҳамда нарх сиёсатини белгилайди, даромадлар, харажатлар ва тахминий фойда ҳажмини баҳолайди.