12 октябрь куни Умра тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш билан боғлиқ чора-тадбирларни янада такомиллаштириш тўғрисидаги 668-сонли Вазирлар Маҳкамаси қарори қабул қилинди, дея хабар бермоқда Дин ишлари бўйича қўмита матбуот хизмати.
Қайд этилишича, мазкур қарор «Умра тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш учун лицензия олиш талабларини белгилаш, зиёратчиларга амалларни муносиб ва хавфсиз бажаришлари учун шарт-шароитлар яратиш, уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, шунингдек, сифатли ва кафолатланган хизматлардан фойдаланишини таъминлашга» қаратилган.
Умра тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш фаолияти учун лицензия якка тартибдаги лицензия тури ҳисобланади ҳамда лицензияларни бериш танлов асосида Дин ишлари бўйича қўмита томонидан 5 октябрдан амалга оширилади.
Қўмитага кўра, қуйидаги лицензия талаб ва шартлари жорий этилмоқда:
- зиёратчиларга гуруҳ раҳбари этиб Ўзбекистон мусулмонлари идораси билан тузиладиган шартнома асосида диний билим ва кўникмаларга эга бўлган мутахассисни тайинлаш;
- штатида диний таълим йўналишлари бўйича таълим муассасаси ёки Ўзбекистон халқаро ислом академиясининг битирувчиси бўлган камида бир нафар мутахассиснинг мавжудлиги;
- вояга етмаган фуқароларга хизмат кўрсатмаслик;
- 1 млн доллар миқдордаги маблағни «Зиёрат» жамғармасига захира қилиб қўйиш;
- ўз фаолиятини туроператор ва турагентлар орқали амалга оширмаслик;
- зиёратчилар учун Саудия Арабистонининг фақат Умра визасини расмийлаштириш (қолган визалар билан фуқароларни олиб бориш ноқонуний фаолият ҳисобланади);
Бундан ташқари, Умра хизматларини Саудия Арабистонидаги ҳамкор ташкилот ўртасида имзоланадиган шартномага мувофиқ ҳамда улар томонидан кўрсатиладиган хизматлар учун тўловларни банк муассасалари орқали амалга ошириш керак.
Шу билан бирга, зиёратчиларга Умра амалларини бажаришлари учун зарур шарт-шароитлар яратиш ва сифатли Умра хизматларини кўрсатиш, шунингдек, Саудия Арабистонининг Макка ва Мадина шаҳарларида зиёратчиларга ўз вақтида тиббий хизмат кўрсатишни ташкил этиш лозим.
Қонун билан халқаро йўналишларда йўловчи ва юк ташиш бўйича 2 йилдан кам бўлмаган тажрибага эга ҳамда ушбу давр мобайнида йўловчи ташишнинг халқаро ва миллий қонунчилик талабларини бузмаган авиакомпаниялар билан ҳамкорлик қилиш, шунингдек, зиёратчиларни юборишдан олдин уларга бориш-келиш авиачипталарини харид қилиш ҳам белгиланмоқда.
Бундан ташқари, талаблар қаторига қуйидагилар ҳам киритилмоқда:
- зиёратчиларни тоифаси 3 юлдуздан кам бўлмаган меҳмонхоналарга жойлаштириш;
- Умра хизматини учинчи давлатлар орқали кўрсатмаслик;
- Умра хизматини лицензияда кўрсатилган манзилдан бошқа жойда жойлашган ваколатхона ва филиал орқали амалга оширмаслик;
Умра тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш бўйича фаолият учун лицензия олиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун юридик шахсларга солинадиган жарималар миқдорлари БҲМнинг 200 баравари (75 млн сўм) этиб белгиланган.
Маълумот учун, 2 июль куни «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги 935-сонли қабул қилинан қонунга мувофиқ, Умра тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш бўйича хизматлар кўрсатишга доир фаолият лицензияланадиган фаолиятнинг алоҳида тури сифатида белгиланди. Дин ишлари бўйича қўмита мазкур соҳадаги лицензияловчи ваколатли орган ҳисобланади.