ИИВ квадробер болаларнинг ота-онаси 1 миллион 875 минг сўм жаримага тортилишини маълум қилди.
Тошкентда ҳайвонлар қиёфасидаги ниқобларни тақиб олган ва ҳайвонларга тақлид қилиб ҳаракат қилаётган квадроберлар пайдо бўлди. Ички ишлар вазирлиги ушбу ҳолат ҳақида огоҳлантириб, бу каби ҳаракатлар болалар ва ўсмирларнинг руҳий ва жисмоний соғлиғига салбий таъсир кўрсатиши мумкинлигини таъкидлади.
Сўнгги вақтларда ижтимоий тармоқларда квадроберлик субмаданияти ёшлар орасида оммалашиб, улар ўша жонзотларнинг ҳаракатларини акс эттиришга ҳаракат қилишмоқда.
10 октябр куни Тошкентда ҳайвонлар қиёфасидаги ниқобда бўлган квадробер учратилиб, 11 октябрда яна бир квадробер йўловчиларга итга тақлид қилиб ҳужум қилиб, йўловчи болаларнинг қўрқиб кетишига сабаб бўлган.
Экспертларнинг таъкидлашича, квадроберлик ёшлар орасида агрессив хатти-ҳаракатларни қабул қилишга олиб келиши, болаларнинг руҳий ва эмоционал ривожланишига салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Бу ёшларнинг жамиятдан ажралиб қолишига ҳам олиб келиши эҳтимоли бор.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга кўра, вояга етмаган болаларнинг ҳуқуқбузарликларига олиб келган ҳолатлар учун ота-оналарга жарима солиниши мумкин. Бундай ҳолатларда жарима БҲМнинг 5 бараваригача (1 миллион 875 минг сўм) белгиланган.