• Пт. Ноя 8th, 2024

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Калтабин ҳокимнинг чаён солиғи


Тожу тахтга даъвогарлар кўп, аммо Қўқон хонлиги мингбошиси Мусулмонқул бутун давлат сиёсатини ўз қўлига олган, тизгиннинг чангалдан чиқмаслиги учун ёш шаҳзодани тахтга чиқаришни маъқул кўрар эди. У ҳийла-найранг ишлатиб, марҳум Шералихоннинг катта ўғли Саримсоқбекни Қўқонга таклиф қилди-да, тахт ҳаваскори бўлган бекни махфий равишда ўлдиртириб юборди…

Тахтга эндигина 16 ёшга кирган Худоёрхонни чиқарган Мусулмонқул Саримсоқбек ўрнига Тошкент ҳокими қилиб Азизбекни тайинлатади. Шу тарзда 1845 йили халқ ўртасида Азизбача номи билан танилган асли чустлик бек Тошкентга ҳукмдорлик қила бошлайди.

Бу пайтда Қўқон хонлигида ички парокандалик кучайган, ҳали ўспирин бўлган Худоёрхон номидан давлатни Мусулмонқул мингбоши бошқарар эди. Айнан Мусулмонқулга садоқат билан хизмат қилиб, Тошкент ҳокимлигини эгаллаган Азизбек ўзини ғоят мустаҳкам ўрнашган ҳукмдор сифатида тутарди.

Тарихчи олим Мулла Маҳдум Ҳожининг ёзишига кўра, «Азизбаччанинг зулми шул даражада эканким, Тошканд фуқароларидин қай бир одамни Ўрдага, Азизбачча ҳузурига чақирса, ул чақирилган одам бегуноҳ бўлса ҳам албатта, мани ўлдирадур, деб хотун, бола-чақаси билан видолашиб кетар экан».

Ҳокимнинг зулми шу даражага етдики, ўзига қарши фикр билдирган ёки ёмон кўриб қолган баъзи бадавлат кишиларни ҳам ўлдириб, бойликларини ўз ҳисобига ола бошлади. Тошкент зиндони шу тариқа тўлиб кетди.

Бир куни ҳоким Исо Муҳаммад исмли савдогарни ўз ҳузурига чақиртиради. Ҳокимнинг навкарлари эса адашиб, шундай исмли бошқа кишини Ўрдага олиб келадилар. Ҳоким кўрсаки, қўрққанидан титраб турган кимса умуман бошқа одам. Шундай бўлса-да, уни сўкиб-ҳақоратлаб юборади. Ҳокимнинг важоҳатидан қалт-қалт титраб оиласига қайтган Исо Муҳаммад қандай тирик қолганига ишонмай, уйдан чиқмай ётади. Хавф ва ваҳима шу даражага етадики, ҳали замон ҳокимнинг навкарлари зиндонга олиб кетади, дея ўйлайвериб, унинг қон босими ошиб, ўлиб қолади.

1847 йилда Азизбекнинг эълон қилган фармонини эшитган тошкентликлар ҳайратдан ёқа ушлайдилар. Негаки ҳоким жаноблари Тошкентдаги ҳар бир маҳаллага… чаён солиғи солган эди.

– Ўзининг заҳри чаёндан ҳам ўтди-ку, ахир! Азизбачча эмас, Азиз чаёнга айланган ҳокимга чаён нега керак бўлиб қолдийкан? – дейишарди одамлар ҳайратланиб.

Шу фармондан кейин аҳолининг иши чаён тўплаш, ахтариш бўлиб қолди. Қари-ю ёш – ҳамма Азизбекнинг зуғумидан қўрқиб, девор томларини бузар ва чаён излаш билан овора эди. Ҳатто, ҳоким навкарлари ҳам тинмай маҳаламма-маҳалла чаёнларни ўрдага ташишдан безор бўлди.

Кейин маълум бўлишича, Азизбек ўзи ёмон кўрган бадавлат бир инсонни зиндонга банди қилган, уни қийнаб ўлдириш учун зиндондаги бу занжирбанд одамни чаёнга талатиш усулини ўйлаб топган экан.

Бора-бора Азизбек ўзи гуноҳкор деб топган бандиларни бир ходага ўтирғизиб, уларнинг бир неча кун азобланиб ўлишидан лаззат топадиган даражага етди.

Бунинг устига у Тошкент ҳокимлиги билан қаноатланмай, Туркистону Сайрамга ҳам хўжайинлик қилишни ҳоҳлаб қолди. Шу ниятда Туркистон ҳокими Қаноатшоҳга элчи юбориб, ўзига итоат этишни таклиф қилади. Аммо Қаноатшоҳ инон-ихтиёрини Азизбекка беришни истамади. Шу боис элчига рад жавобини бериб юборди. Ана шунда Азизбек дарҳол уруш ҳаракатларини бошлаб, катта қийинчиликлар эвазига Туркистонни ишғол қилади.

Бу вақтда Худоёрхон Мусулмонқулнинг тинмай ҳамма ишларга аралашаверганидан безор бўлади, унга қўғирчоқ бўлишни истамай, мингбошилик вазифасидан озод қилади. Азизбек эса пойтахтдаги суянчиғидан айрилгани учун бор ҳарбий кучини Қўқонга қаратиб ҳужум бошлайди. Азизбекнинг Қўқонга катта куч билан келаётганини эшитган Худоёрхон амалдорлари билан кенгашиб, Мусулмонқулни яна вазифасига тайин қилади. Мингбошиликка тайинланиб, давлатда муҳим ўрин эгаллай бошлаган Мусулмонқул ўзига ғаним деб билган Мадёр Додҳоҳ, Холбек дастурхончи ва Раҳмонқулибий каби амалдорларни қатл эттиради.

 Вазият ўзгариб, Мусулмонқулнинг таъсири давлатда яна кучая бошлаганини сезган қипчоқ уруғининг Каримқули дастурхончи, Матназар ва Холмуҳаммад Додҳоҳ, Ҳотамқули рисолачи каби Нормуҳаммад Додҳоҳ билан машварат ўтказади.

– Мусулмонқулнинг феъли бузилди, у ҳаммамизни ҳалок қилмоқ қасдига тушди. Энди сиз ва бизлар бирлашиб, тошкентлик улуғлар билан гапни бир ерга қўйиб, Азизбаччани ўртадан кўтаришимиз жоиз. Негаки, Мусулмонқулнинг маслакдоши Азизбаччадан қутулсак, мингбоши яккаланиб, таъсири озаюр ва ҳамласининг кучи бизга етмас, – деган қарорга келишди аҳли машварат.

Шунга кўра, Азизбекдан безор бўлган тошкентликлар билан ҳам кенгашиб, Чаёнбек номини олган Тошкент ҳокимига қарши юриш қилдилар. Ҳамма-ҳаммани ўзидан бездирган ҳокимни қўллайдиган куч топилмайди ва Азизбек қипчоқ уруғлари томонидан қўлга олиниб, қатл этилади.

Шу тариқа Тошкент аҳли 1849 йилда чаён тўплатган чаён ҳоким зулмидан қутулди.

Умид Бекмуҳаммад,

тарих фанлари бўйича фалсафа доктори, доцент.

 

 

 

 

 



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *