Сентябрь ойида 21,2 мингта савдо-сотиқ билан боғлиқ ҳолат рўйхатдан ўтган бўлиб, бу августга нисбатан 4,2% га, ўтган йилнинг сентябрига нисбатан эса 9% га кам.
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази Ўзбекистонда сентябрь ойида иккиламчи уй-жой бозорида ўртача квадрат метр нархи 0,1% га ошиб, $540 ни ташкил этгани ҳақида хабар берди. Йиллик динамикада нархлар 6,7% га кўтарилган.
- Жиззах вилоятида квадрат метр нархи 4,7% га ошди ва $407 ни ташкил этди. Бу ҳудудда йиллик ўсиш 8% дан паст.
- Хоразм вилоятида сентябрь ойида нархлар 3,2% га кўтарилиб, $436 ни ташкил қилди. Йил давомида эса нархлар 19,5% га ўсган.
Айрим вилоятларда уй-жой нархлари пасайган. Масалан, Навоий вилоятида нархлар 3% га арзонлашиб, $619 га тушди.
Тошкент эса квадрат метр нархи бўйича етакчиликни сақлаб қолмоқда — $1117. Бироқ сентябрда пойтахтда нархлар 1% га пасайган, йиллик ўсиш эса 1,8% ни ташкил қилган.
Тошкентнинг Мирзо-Улуғбек (-2,5%) ва Юнусобод (-2,4%) туманларида нархлар пасайди. Фақат Яккасарой (+1,1%) ва Шайхонтоҳур (+0,3%) туманларида нархлар кўтарилган.
Бозорда уй-жой савдоси ҳам пасайишда давом этмоқда. Сентябрь ойида 21,2 мингта савдо-сотиқ билан боғлиқ ҳолат рўйхатдан ўтган, бу августга нисбатан 4,2% га, ўтган йилнинг сентябрига нисбатан эса 9% га кам.
Жиззах вилоятида савдо 20% га камайган. Тошкент ва Самарқанд вилоятларида савдолар мос равишда 14% ва 13% га пасайган.
2024 йилнинг учинчи чорагида жами 66,5 мингта уй сотилган, бу 2023 йилнинг шу даврига нисбатан 13% га кам. Тошкент вилоятида савдолар 25% га, Бухоро вилоятида 24,3% га, Наманган вилоятида эса 18,7% га камайган.