Тошкент вилояти ҳокими ўринбосарлари Ботир Алимбеков ва Эркин Муҳитдинов ишдан олинди, деб хабар берди президент матбуот хизмати.

Давлат раҳбари раислигида ўтказилган йиғилишда Тошкент вилоятидаги самарасиз 2 минг 200 гектар боғ ва токзор ҳисобига йилига 10 миллион доллар экспорт йўқотилаётгани таъкидланди. Сув тежовчи технология бўйича вилоят энг охирги ўринларда бормоқда.

Ботир Алимбеков. Фото: Тошкент вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати Ботир Алимбеков. Фото: Тошкент вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати

Бу борада вилоят ҳокимининг қишлоқ хўжалиги бўйича биринчи ўринбосари Ботир Алимбеков Тошкент вилояти қишлоқ хўжалигидаги имкониятлардан фойдалана олмагани, тайёр қилиб берилган тизимни ишлата олмагани учун лавозимидан озод этилди.

Бундан ташқари, йиғилишда вилоятда камбағалликни қисқартириш режалари кўриб чиқилди. Президент вилоятда «Камбағалликдан фаровонлик сари» дастури доирасида келаси йили 116 минг аҳолини камбағалликдан олиб чиқиш бўйича ҳисоб-китобларни маъқулламади.

Эркин Муҳитдинов. Фото: Тошкент вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати Эркин Муҳитдинов. Фото: Тошкент вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати

Қайд этилишича, иш излаб юрган 2 минг аҳолини бу ишларга жалб қилиш ўрнига, уларга ҳар йили 4 миллиард сўм ишсизлик нафақаси тўланмоқда. Фаолиятидаги камчиликлар ва соҳадаги ишлар қониқарсиз олиб борилаётгани учун вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Эркин Муҳитдинов лавозимидан озод этилди.

Маълумот ўрнида, Ботир Алимбеков 2021 йилнинг 30 январидан Чиноз тумани ҳокими этиб тайинланган. Вилоят ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича биринчи ўринбосари Холмирза Ниёзов ишдан бўшатилгач, Алимбеков ўринбосар лавозимига қайтган.

Эркин Муҳитдинов эса 2024 йил 20 май куни Тошкент вилояти ҳокимига биринчи ўринбосар этиб тайинланган. 2023 йил август ойидан бери Оҳангарон туманига ҳокимлик қилиб келаётганди. Муҳитдиновнинг ўрнини вилоят ҳокими ёрдамчиси Дониёр Мадиримов эгаллаган.