Гаджетларнинг тўсатдан ишламай қолишининг олдини олиш учун смартфондаги энг кичик ўзгаришларга ҳам эътиборли бўлиш керак. Қуйида телефонингизни алмаштириш вақти келганлигини билдирадиган 5 та асосий белгиларни кўриб чиқамиз.
Дастурий таъминотни янгилаш ҳақида хабарлар келмайди
Ишлаб чиқарувчилар томонидан смартфонни қўллаб-қувватлашни тўхтатиши ва бунга ресурслар сарфламаслиги телефоннинг эскирганлигидан далолат беради.
Ишлаб чиқарувчилар дастурий таъминотнинг янгиланган версияларини смартфон чиқарилгандан кейин 3-4 йил ўтгач тўхтатади. Бу борада Apple компанияси энг сахийси бўлиб қолмоқда, чиқарилганидан 9-10 йил ўтиб ҳам қурилмаларни қўллаб-қувватлашдан бош тортгани йўқ.
Янги функцияларнинг бўлмаслиги, турли вируслардан ҳимоялана олмасликдан ташқари бундай смартфонларда янги иловалар ва ўйинларни ўрнатишда қийинчиликлар туғдиради. Кўплаб иловалар ишлаши учун телефоннинг янги версияси бўлишини талаб қилади.
Телефон қуввати бир кун ичида тугаб қолади
Агар телефонингизнинг қуввати тушликкача етмаса, бу янгисини сотиб олиш ҳақида ўйлаш учун ажойиб сабабдир. Батареянинг ишлаш муддати сезиларли даражада ёмонлашиши, эҳтимол батареянинг эскириши билан боғлиқ: 2-3 йил ичида максимал қувват 100 дан 80 фоизгача тушади. Бу литий-ионли батареялардан хавфсиз равишда фойдаланишнинг асоси ҳисобланади. Батареянинг шишиши орқа қопқоқ билан бирга атрофдаги қисмларга ҳам зарар етказиши мумкин.
Деярли барча замонавий смартфонлар шундай ишлаб чиқилганки, ундаги аккумуляторни алмаштириш учун телефонни очиш жуда қийин. iPhone’га янги батарея қўйиш учун одатда экран ва платани олиб ташлашингиз керак. Бундай вақтда хато қилиб қўйиш, бошқа қисмларга зарар етказиш осон. Қолаверса, сизнинг смартфонинг учун эҳтиёт қисмлари сотувда бўлмаслиги мумкин.
Гаджет доимий равишда қизиб кетади
Бу батарея хизмат вақтининг тугагани ёки оғир иловалар ва ўйинларга смартфоннинг бардош бера олмаслигининг белгиси бўлиши мумкин. Агар смартфонингиз ҳеч қандай сабабсиз қизиб кетаверса, созламалар орқали кўп энергия сарфлайдиган дастурни топишга уриниб кўринг. Телефон созламалари орқали “Батарея” бўлимига киринг ва “Фойдаланиш вақти”ни текшириб кўринг. Агар энергия истеъмоли бўйича рўйхатнинг бошида сиз деярли фойдаланмайдиган илова турган бўлса, демак бу дастур телефон қизиб кетишининг асосий сабабчисидир.
Смартфоннинг мунтазам қизиб кетиши яхшиликка олиб келмайди: гаджет тўлиқ қувват билан ишлай олмайди ва ички қисмларга зарар етказиш хавфи ортади.
Камера сифати пасаяди
Дастурий таъминот билан биргаликда фото ва видео суратга олиш сифати ҳам пасаяди. Албатта, турли иловалар орқали яхшироқ фотосуратлар олишингиз мумкин, аммо камера сифати пасайиб бораверса, бундай смартфондан воз кечиш ва янги телефон сотиб олиш мантиқан тўғри бўлади.
Ички хотира тез тўлиб қолади
Шунчаки видео суратга олмоқчи бўлсангиз ёки бирор дастурни юклаб олмоқчи бўлсангиз, хотира толганлиги ҳақидаги хабарлар доимо келаверса, демак смартфон ўз хизматини ўтиб бўлган. Камдан кам ишлатиладиган иловаларни ўчириб ташлаш вақтинчалик фойда беради, аммо мунтазам смартфонни тозаласангиз ҳам хотира тўлгани ҳақидаги огоҳлантиришлар пайдо бўлаверса, юқори хотирага эга бўлган телефонни сотиб олиш орқалигина вазиятдан чиқиш мумкин.