Никарагуа ва Уганданинг Ўзбекистондаги биринчи элчилари тайинланди. Ташқи ишлар вазирлиги раҳбари Бахтиёр Саидов 16 октябрь куни улар билан учрашди, деб хабар бермоқда ТИВ матбуот хизмати.

никарагуа, тив, уганда

Никарагуа элчиси Татяна Даниела Гарсия Силва билан суҳбатда икки томонлама муносабатларда фойдаланилмаётган имкониятларни ўрганиш механизмлари муҳокама қилинди. Вазир сўзларига кўра, икки давлат ташқи офислари ўзаро алоқаларда, айниқса, иқтисодий жиҳатдан аниқ натижаларга эришишда локомотив вазифасини бажариши лозим. Бахтиёр Саидов элчининг мамлакатдаги фаолиятига муваффақият тилади.

Уганданинг Ўзбекистондаги биринчи элчиси Мосес Каваалууко Кизиге билан учрашувда вазир Қўшилмаслик ҳаракатига Уганданинг муваффақиятли раислигини олқишлади. Унинг таъкидлашича, мамлакат 2027−2029 йилларда ҳаракатга Ўзбекистон раислик қилишини қўллаб-қувватлайди.

никарагуа, тив, уганда

«Ташқи ишлар вазирликлари ўртасида сиёсий маслаҳатлашувлар йўлга қўйилиши мамлакатларимизнинг манфаатли ва истиқболли ҳамкорлиги учун мустаҳкам замин яратади», ー деб ёзди у.

Мулоқотда тадбиркорларнинг ўзаро алоқаларини мустаҳкамлаш, халқаро ташкилотлар доирасидаги ҳамкорлик, фойдаланилмаган салоҳиятни рўёбга чиқариш ва бошқа масалалар ҳам муҳокама қилинди.