• Ср. Ноя 13th, 2024

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Рашк туфайли қотилга айланган эркак ўн йилга қамалди


Ота-онасиз қолган 4 нафар фарзанд туман ҳокими қарори билан васийлик асосида яқин қариндошларга тарқатилган.

«Носоғлом турмуш ортидан келган қотилликнинг энг аянчли жойи шу. Суд ҳукми ўқиб эшиттирилганда, ўзимни бошқара олмадим. Бақириб йиғлаб юбордим. Нега, биласизми, ўлган ўлди, қамалган қамалди… бечора 4 нафар бола уч тараф бўлди. Катталарнинг ноқобиллигини гўдаклар тортишадиган бўлди…», — дейди судда қатнашган марҳуманинг яқин қариндошларидан бири.

Жиноят ишлари бўйича Қоракўл тумани суди раиси Бобораҳим Очиловнинг «Xabar.uz»га маълум қилишича, 1975 йилда туғилган якка тартибда косиб бўлиб ишлаган II-гуруҳ ногирони О.Ҳ. рашк туфайли турмуш ўртоғи С.Э.ни 16 маротаба пичоқлаб ўлдирган.

О.Ҳ. ҳамда С.Э.лар 2013 йилда қонуний никоҳдан ўтиб, турмуш қуришган. С.Э.нинг иккинчи турмуши бўлиб, янги оилага ўзи билан 3 ёшар қиз фарзандини ҳам олиб келган бўлган. Улар 11 йил бирга яшаш давомида яна уч фарзандни дунёга келтиришган ва жами 4 нафар фарзанд билан тинч-тотув яшаб келишган. Айни пайтда бу фарзандларнинг тўнғичи 14 ёшда, кейингиси 11 ёш, ўртанчаси 9 ёш ва кенжа фарзанд 5 ёшда.

«Тўрт нафар ўғил-қизни тарбиялаб, вояга етказиб келаётган оилада кейинги йиллар турли маш-маша ва келишмовчиликлар бошланган эди. Эр-хотин ўртасидаги ўзаро можаро маҳалла фаолларини ҳам анча ташвишга солганди. Ўзаро келишмовчиликлари жанжал ва ўрни келганда, бир-бирини уриб-сўкишларга ҳам сабаб бўлган. Доимий рашк қилар, хотинини суюқоёқликда, уни бегона эркаклар билан ишқий муносабатда бўлиб келганликда айбларди…»-дейди маҳалла фаолларидан бири.

Суд ҳужжатларига кўра, С.Э. турмуш ўртоғи О.Ҳ.га  «қўлинг билан ушламаган нарсангга гапирма», «жонга тегдинг, истаган кишим билан юраман» деган, уни туҳмат ва ҳақоратлари учун ички ишлар органларига топшириб, қаматиб юборишини пўписа билан айтган. Рашк туфайли турли важлар кўрсатиб келган О.Ҳ. хотинини хиёнатда айблайверган ва охири уни уйидан қувиб ҳайдаган.

С.Э. турмуш ўртоғининг устидан давлат органларига шикоят аризаси билан кирган. О.Ҳ. эса хотинидан шикоят аризасини қайтариб олишини талаб қилган. Бироқ, С.Э. буни қатъий рад этгач, О.Ҳ. ўзи билан яширин равишда чўнтагида олиб чиққан ошхона пичоғи билан хотинига ташланган. Бир, икки, уч, тўрт… бу пичоқ санчилишларни 16 маротабасига тўхтатган. Жинояти устида ҳеч ким йўқлигига амин бўлган ва пичоқни музлатгич орқасига ташлаб, воқеа жойидан чиқиб кетган. Қилмиши юзасидан синглисига қўнғироқ қилиб билдирган.

«14 йиллик турмушлари барбод бўлди. О.Ҳ.ни биз ҳам, ҳатто, С.Э.нинг яқин қариндошлари ҳам кўп бор тинчланишга, фарзандлари учун товфиқли яшашга, ўрталаридаги келишмовчиликларга чек қўйишларига чақирганмиз. Аммо, жаҳл келса, ақл қочади, дейишгандек, 4 нафар фарзанднинг ҳам онасиз, ҳам отасиз қолишига сабаб бўлди», — дейди маҳалла фаоли.

Суд ҳолат юзасидан ўз ишини якунлагунга қадар Қоракўл тумани ҳокимининг ҳам тўрт нафар вояга етмаган болаларни яқин қариндошларга васийлик асосида топшириш бўйича қарор чиқарган. Ушбу қарорга асосан, бир нафар беш ёшли ва бир нафар 9 ёшли қиз О.Ҳ.нинг опасига, 14 ёшли қиз С.Э.нинг опасига, 11 ёшли ўғил фарзанд  2013 йил 7 июнь куни туғилган Ҳамроева Очилгул Оғажон қизига васий О.Ҳ.нинг акасига васийликка берилган.

Айбдорга Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 97-моддасига асосан, 10 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *