17 октябрь куни бўлиб ўтган IV Тошкент аксилкоррупция форумидан сўнг Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурханов ОАВ вакилларига интервью берди. У айрим ҳокимлар баъзи қарорларини ёпиқ тарзда қабул қилаётгани ва бу масала бўйича қандай ишлар олиб борилаётганига оид саволга жавоб қайтарди, дея хабар бермоқда «Dunyouzbeklari.Com» мухбири.

Унинг сўзларига кўра, агентлик ва Адлия вазирлиги ҳамкорлигида давлат идоралари, жумладан, маҳаллий ҳокимликлар томонидан қабул қилинаётган қарорларнинг қай даражада очиқ ё ёпиқлиги бўйича ўрганишлар ўтказилди.

«Ўрганишлар давомида маҳаллий ҳокимликларда қарорларнинг 30 фоиздан ортиғи ёпиқ ҳолда қабул қилинаётганлиги маълум бўлди. Уларнинг мазмунини таҳлил қилганимизда, кўп қарорлар давлат харидлари ёки давлат бюджети маблағларини сарфлаш билан боғлиқ бўлиб, ноқонуний равишда ёпиқ ҳолга ўтказилмоқда», — деди у.

Бурхановнинг қайд этишича, бундай ҳолатларнинг олдини олиш бўйича мутасадди вазирлик ва идоралар биргаликда таклифлар ишлаб чиқди.

«Биринчи таклиф шуки, қарорларни ёпиқ тарзга алмаштиришнинг аниқ мезонларини ишлаб чиқиш керак. Бугунги кунда бу борадаги қоидалар қонунчилигимизда ҳам мавжуд. Аммо унда умумий тартиблар белгиланган, яъни шахсга доир ҳамда васийлик ва ҳомийлик билан боғлиқ маълумотлар бўлса, бу ёпиқланиши керак. Лекин афсуски, айрим мансабдор шахслар мана шу ниқоб остида кўплаб қарорларни ёпиқ ҳолда қабул қиляпти. Шунингдек, қарор ҳақиқатан янги тартиблар асосида ёпиқ тарзда қабул қилиниши лозим бўлса, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги хулосасини олгандан кейингина, уни ёпиқ тарзда ўтказиш таклифини ишлаб чиқдик. Ўйлайманки, яқин кунларда бу таклифлар қабул қилинса, қонунчиликка тегишли ўзгартиришлар киритилади», — деди Акмал Бурханов.