Ўзбекистонда IT соҳасидаги ўзини ўзи банд қилган шахсларга IT парк — дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик паркининг резиденти мақоми берилади. Бу президентнинг 14 октабрдаги (ПФ-157) фармонида назарда тутилган.
Ҳужжатга кўра, IT экспорт билан шуғулланувчи шахслар фаолиятини ривожлантиришнинг ягона тизимини яратиш мақсадида 2028 йил 1 январгача рақамли технологиялар соҳасида ўзини ўзи банд қилган шахсларни қўллаб-қувватлаш дастури амалга оширилади.
Бунда дастур иштирокчиларига IT парк резиденти мақоми берилади ва улар томонидан кўрсатилаётган тегишли хизматлар ҳажмидан келиб чиқиб:
- уларга замонавий офислар, коворкинг марказлари, спорт мажмуалари, тиббиёт ва таълим хизматларидан фойдаланиш харажатларининг бир қисми қопланади ёки ҳамкорлик дастурлари асосида чегирмалар тақдим этилади;
- ҳудудларда ташкил этилаётган IT шаҳарчаларнинг коворкинг зоналаридан, шунингдек, ҳуқуқий маслаҳат хизматларидан бепул фойдаланиш имконияти беради;
- касб маҳоратини ошириш учун нуфузли халқаро платформаларда имтиёзли шартларда таълим олиш имкониятини яратилади;
- тажриба алмашиш, ижтимоий ва ишбилармонлик алоқаларини ривожлантириш мақсадида доимий равишда учрашувлар, форумлар ва бошқа тадбирлар ташкиллаштириб берилади.
Режага кўра, 15 ноябргача мазкур дастурни амалга ошириш тартиби, молиялаштириш манбаларини ва ўзини ўзи банд қилган шахслар IT парк резиденти бўлиши учун мос фаолият турларини белгиловчи ҳукумат қарори лойиҳасини ишлаб чиқиш ва Вазирлар Маҳкамасига киритиш кўзда тутилган.
Шавкат Мирзиёев 28 июн куни бўлиб ўтган йиғилишда шундай режалар борлигини маълум қилганди. Ўшанда у IT соҳасида ўзини ўзи банд қилган шахслар IT парк резиденти мақомини олган ҳолда уч йил давомида барча солиқларни тўлашдан озод этилишини айтганди. IT парк уларга бошқа IT компаниялари каби тиббий хизматлар, спорт заллари ва офис майдонидан фойдаланиш учун «ижтимоий карта» тақдим этади.