17 октябрь куни президент Шавкат Мирзиёев 2024 йилда иқтисодиётда кутилаётган натижалар ва 2025 йил учун мўлжалланган асосий макроиқтисодий кўрсаткичлар муҳокамаси юзасидан йиғилиш ўтказди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар бермоқда.
Маълум қилинишича, ўтган 9 ойда Ўзбекистон иқтисодиёти 6,6 фоизга, саноат 7 фоизга ошди. Йил якунигача камида 6 фоиз ўсиш кутилмоқда. Олтин-валюта захираси бу йил илк бор 40 миллиард доллардан ошди. Аҳолининг миллий валютадаги депозитлари 50 фоиз ўсди. Халқаро бозорларда 4 миллиард долларлик евробонд жойлаштирилди.
Буларнинг натижасида жорий йилда инвестицияларнинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши 33 фоиздан ошади. Экспорт қарийб 19 фоизи ўсиши кутиляпти, дейилади хабарда.
Бироқ президент кутилаётган экспорт кўрсаткичини паст деб атади ва лойиҳаларни таҳлил қилиб, экспорт 25 фоизга етказиш кераклигини айтди.
«Экспорт ўсишини 25 фоизга чиқариш керак. Бу валюта балансига ижобий таъсир кўрсатади. Маҳаллийлаштириш соҳасининг ичига кириб, уни жойига қўйсак, кўрсаткичимиз карра-карра кўп бўлиши табиий», — деди у.
Давлат раҳбари бош вазир ўринбосарлари Жамшид Қўчқоров ва Жамшид Ходжаевга бир ой муддатда маҳаллийлаштириш дастурини ишлаб чиқиб, парламентда тасдиқлашни топширди.
«Бюджетни қандай бажараётган бўлсак, маҳаллийлаштириш тизими ҳам худди шундай бажарилаётган бўлиши керак», — дея тушунтирди у.
Президентнинг сўзларига кўра, Халқаро валюта жамғармаси, Жаҳон банки ва Осиё тараққиёт банки Ўзбекистон фаол инвестиция сиёсати ва ислоҳотлар туфайли барқарор иқтисодий ўсишни таъминлашда давом этишини тасдиқлайди.
«Бу бизга берилган катта баҳо. Биз бунга муносиб бўлишимиз керак. Шу билан бирга, хорижий экспертлар келгуси йилда ташқи экспорт бозорларидаги ҳолат янада чуқурлашади, дея атаган таҳлиллар бор. Бу ишлаб чиқариш ҳажми ва экспортга йўналтирилган тармоқларга синов бўлиши мумкин. Шуларни инобатга олиб, ҳар бир соҳа учун мослашувчан тузилма берсак, тўғри бўлади, деб ўйлайман», — деди Шавкат Мирзиёев.
Шу билан бирга, президент жаҳон бозорларида рақобат кучаяётган, хомашё нархларининг ўзгарувчанлиги шароитида саноат ва экспортда юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар улушини ошириш зарурлигини таъкидлади. Шу муносабат билан ҳар бир соҳада қўшилган қиймат занжири ва меҳнат унумдорлигини ошириш бўйича уч йиллик дастур ишлаб чиқиш масъул шахсларга топширилди.
Йиғилишда иқтисодиёт ва сармоявий соҳадаги асосий вазифалар муҳокама қилинди.
Қайд этилишича, асосий солиқ ставкалари сақланиб қолган ҳолда, бюджет даромадларини оширишнинг ягона йўли солиқ маъмурчилигини такомиллаштириш ҳисобланади.
Давлат раҳбари буни тадбиркорлар фаолиятига аралашиш йўли билан эмас, балки рақамлаштириш, сунъий интеллект технологияларини жорий этиш ва яширин иқтисодиётни қонунийлаштириш орқали амалга ошириш кераклигини кўрсатди.
Халқаро молия ташкилотлари ва бошқа ҳамкорларнинг жалб этилган имтиёзли маблағлари самарадорлигига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Йиғилишда 2025 йилга мўлжалланган иқтисодий режалар ҳам муҳокама қилинди.
Президент 2025 йилда ялпи ички маҳсулот ўсишини сақлаб қолиш учун барча имкониятлар мавжудлигини таъкидлади. Бу режалаштирилган лойиҳаларни ўз вақтида ишга тушириш, транспорт-логистика, ахборот технологиялари, қишлоқ хўжалиги ва молиявий хизматларни ривожлантиришни тақозо этади.
Шавкат Мирзиёев имтиёзлар самарадорлигини қайта кўриб чиқиш, яширин иқтисодиётни қисқартириш бўйича топшириқлар берди.
Келгуси йилда 78 та туман бюджет харажатларини ўзини-ўзи қоплашга ўтказилади, бу эса мазкур туманларнинг республика бюджетидан молиявий мустақиллигини оширишни назарда тутади. Бунинг учун ер солиғи, мол-мулк солиғи ва айланма солиғи тўлиқ ҳажмда, шунингдек, даромад солиғининг 50 фоизи маҳаллий бюджетларда қолдирилади.
Ижтимоий давлат тамойилидан келиб чиқиб, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларига ажратиладиган маблағларни 20 фоизга ошириш назарда тутилган.
«Ўзбекистон 24» телеканали маълумотларига кўра, маҳаллалар фаровонлигини ошириш орқали 2025 йилда 1 миллион кишини камбағалликдан чиқариш режалаштирилган. Президент давлат бюджетида халқ манфаатларини акс эттириш, шунингдек, харажатларни оптималлаштириш ва бу жараённи йирик давлат корхоналаридан бошлаш зарурлигини таъкидлади. Унинг таъкидлашича, кўплаб мамлакатлар иқтисодий стратегиясига харажатларни оптималлаштиришни киритган.
«Ўзбекистон буни изчил амалга ошириши керак. Аниқроқ айтганда, бюджетга тушумларни ошириш билан бирга харажатларни оптималлаштириб, иқтисод қилинган барча ресурсларни инсон манфаатларига йўналтирамиз», — дея телеканал президент сўзларини келтиради.
Қонунчиликка мувофиқ мазкур лойиҳа ва унинг ижросини таъминлаш чора-тадбирлари маҳаллий кенгашларда муҳокама қилиниб, Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритилади.