ЎзЛиДеП Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси Актам Хаитов Хоразм вилояти Тупроққалъа туманидаги Uzavtomotors Хоразм филиалида сайловчилар билан учрашди.
Мулоқот аввалида партия сайловолди дастурининг асосий йўналишлари, хусусан, 5 мақсад ва 500 вазифа доирасида келгуси беш йилда амалга ошириладиган ишлар ҳамда уларнинг аҳоли ҳаётидаги аҳамияти ҳақида атрофлича маълумот берилди.
Тадбиркорларга янада кенг имконият ва шароитлар яратиш, бизнесни қўллаб-қувватлаш мақсадида солиқларни ўз вақтида тўлаб, қонуний иш юритаётган тадбиркорлар фаолиятига аралашмаслик, шунингдек, тадбиркорлик билан боғлиқ бўлган жиноят турларини камайтириш, солиқ маъмурчилиги тизимини соддалаштириш бўйича партия ўз зиммасига олаётган вазифалар ҳақида сўз юритилди. Бу таклифлар ижобий ўзгаришлар халқимиз ҳаётининг янада фаровон бўлиши ва юртимиз тараққиётида ўз натижасини кўрсатиши таъкидланди.
Тадбирда таъкидланганидек, иқтисодиётда давлат иштирокини кескин қисқартириш, давлат мулкини хусусийлаштириш орқали хусусий сектор улушини ошириш, монопол соҳаларни бозор тамойилларига ўтказиш, Давлат органлари мансабдор шахсларининг тадбиркорлик фаолиятига, шу жумладан, фермерлар фаолиятига аралашувини қатъий тақиқлаш учун барча зарур чораларни кўриш партиянинг кейинги беш йилликдаги устувор вазифаларидан биридир.
ЎзЛиДеП партияси тадбиркорлар фаолиятига ҳар қандай ноқонуний усулда аралашганлик учун давлат органлари мансабдор шахсларининг жавобгарлигини кучайтириш, қонуний фаолият юритаётган ва солиқларни ўз вақтида тўлаётган тадбиркорларни текширмасликни таъминлаш тарафдори эканлиги қайд этиб ўтилди.
Учрашув иштирокчилари партиянинг бизнес юритишни янада соддалаштириш, 1000 га яқин бюрократик талабларни бекор қилиш чораларини кўриш, лицензиялар сонини икки бараварга камайтириш, лицензия талаблари бекор бўладиган 60 та фаолият учун хабардор қилиш тизимини жорий этиш каби мақсадларни илгари сураётган ЎзЛиДеПнинг таклиф-ташаббусларини қўллаб-қувватлашларини билдиришди.
Учрашув якунида сайловчилар партия кўтариб чиқаётган ғояларни эътироф этишиб, сайловда ЎзЛиДеП учун овоз беришларини таъкидлашди.