Ўзбекистон ҳеч қандай ҳарбий тузилмаларга қўшилмайди, ЕОИИда эса кузатувчи мақомида қолади. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикерининг биринчи ўринбосари Акмал Саидов Тошкентда ўтказилган Халқаро шериклик ташаббуслари ҳафталиги очилишида маълум қилди.
Fergana.media нашри мухбирининг Ўзбекистон бошқа давлатлар билан яқин ҳамкорлик қилиш мақсадида ўз суверенитетини чеклашга рози бўлиши тўғрисидаги саволга Акмал Саидов салбий жавоб берган.
“Конституциямизнинг биринчи моддасида Ўзбекистон суверен давлат экани таъкидланган. Агар гап қандайдир ҳарбий мудофаа тузилмалари ва ташкилотларига аъзо бўлиш ҳақида кетса, биз бунга йўл қўймаймиз. Биз ҳеч қачон ўз йигитларимизни (чет элга) бирон-бир ҳарбий, шу жумладан, тинчликпарвар миссияларни бажариш учун юбормаймиз. Бизнинг ҳудудимизда ҳеч қандай хорижий ҳарбий базалар бўлмайди”, деди Саидов.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикерининг биринчи ўринбосари Евросиё иқтисодий иттифоқи ташкилотида Ўзбекистон учун кузатувчи давлат мақоми кўпроқ мос келишини таъкидлаган.
“Мен Ўзбекистоннинг ЕОИИга кириш имкониятларини ўрганиш бўйича парламент комиссияси раҳбариман. Биз ушбу ташкилотнинг мингдан ортиқ турли ҳужжатларини синчиклаб ўрганиб чиқдик ва бугун шундай хулосага келдик — Ўзбекистон ЕОИИда кузатувчи мақомини сақлаб қолишдан манфаатдор”, деган у.
Акмал Саидовнинг айтишча, Қозоғистон томони ЕОИИга қўшилишдан жуда кам фойда кўрган. У, шунингдек, мазкур маълумотга кафолат бера олмаслигини қўшимча қилган. Ўзбекистон ташқи сиёсатининг асосий тамойиллари эса Конституциянинг янги таҳририда мустаҳкамлаб қўйилган ва уларга қатъий амал қилинади.