Ўзбекистон ҳеч қандай ҳарбий тузилмаларга қўшилмайди, ЕОИИда эса кузатувчи мақомида қолади. Бу ҳақда Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари Акмал Саидов маълум қилди.

Fergana.media нашрининг ёзишича, Саидов бу фикрларни 17 октябрь куни Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган Халқаро шериклик ташаббуслари ҳафталиги очилишида айтиб ўтган.

Мутасадди Ўзбекистон бошқа давлатлар билан янада яқин ҳамкорлик ўрнатиш учун ўз суверенитетини чеклашга розими, деган саволга қуйидагича жавоб берди.

«Конституциямизнинг биринчи моддасида Ўзбекистон суверен давлат экани таъкидланган. Агар гап қандайдир ҳарбий мудофаа тузилмалари ва ташкилотларига аъзо бўлиш ҳақида кетса, биз бунга йўл қўймаймиз. Биз ҳеч қачон ўз йигитларимизни [чет элга] бирон-бир ҳарбий, шу жумладан, тинчликпарвар миссияларни бажариш учун юбормаймиз. Бизнинг ҳудудимизда ҳеч қандай хорижий ҳарбий базалар бўлмайди», — деди вице-спикер.

Евроосиё иқтисодий иттифоқига интеграция масаласига келсак, Ўзбекистон учун ЕОИИ ҳузуридаги кузатувчи давлат мақоми кўпроқ мақбул, деб таъкидлади Саидов.

«Мен Ўзбекистоннинг ЕОИИга аъзо бўлиш имкониятини ўрганиш бўйича парламент комиссиясига раҳбарлик қиламан. Биз ушбу ташкилотнинг мингдан ортиқ турли ҳужжатларини синчковлик билан ўрганиб чиқдик ва бугунги кунда ЕОИИ ҳузуридаги кузатувчи мақомини сақлаб қолиш Ўзбекистон манфаатларига мос келади, деган хулосага келдик», — дея изоҳ берди Саидов.

Вице-спикерга кўра, Қозоғистон томони ЕОИИга қўшилишдан жуда кам фойда кўрган. Шу билан бирга, Саидов ушбу маълумотга кафолат бера олмаслигини қўшимча қилган. Қонунчилик палатаси вакили Ўзбекистон янги таҳрирдаги Конституцияда мустаҳкамланган ташқи сиёсатнинг асосий тамойилларига эга экани ва бунга амал қилинишини эслатган.