Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяҳу Фаластиннинг ҲАМАС гуруҳи етакчиси Яҳё Синвар ўлдирилгандан кейин ҳам Ғазо ва Ливандаги урушни давом эттиришга ваъда берди, дея хабар бермоқда Reuters нашри.
Исроил расмийлари 2023 йил 7 октябрдаги ҳужумнинг асосий ташкилотчиси деб ҳисоблайдиган Яҳё Синварнинг Ғазо секторининг жанубида ўтказилган операция чоғида ўлдирилгани бир йилдан бери давом этаётган можаронинг асосий воқеаси бўлди, деб ёзади агентлик.
«Уруш ҳали тугамади, азизларим», — Нетаньяҳу ватандошларига шундай мурожаат қилиб, жанглар ҲАМАС томонидан гаровга олинганлар озод этилмагунча давом этишини айтди.
«Бизда ёвузлик ўқини тўхтатиш ва бошқа келажак яратиш учун ажойиб имконият бор», дея у Эрон ва унинг Ғазо, Ливан, Сурия, Ироқ ва Ямандаги иттифоқчиларига ишора қилиб қўшимча қилди.
Нетаньяҳунинг баёноти Ғарб етакчилари, жумладан, АҚШ президенти Жо Байденнинг Синварнинг ўлими можарога барҳам бериш имкониятини беради деган фикрларидан фарқ қилади, дея қайд этади Reuters.
АҚШ Давлат департаменти вакили Метью Миллернинг таъкидлашича, Қўшма Штатлар сулҳ тузиш бўйича музокараларни бошлашни ва гаровга олинганларни озод қилишни хоҳлайди, чунки Синвар музокаралардан бош тортганди.
«Бу тўсиқ аниқ ҳал қилинди. Бу [Синварнинг] ўрнини эгаллаган киши сулҳга рози бўлишини англатишини олдиндан айтиб бўлмайди, лекин ҳақиқатан ҳам сўнгги ойларда унга эришиш учун асосий тўсиқ бўлган нарсани йўқ қилади», — деди у.
Исроил ҳукумати Синварнинг ўлимини тасдиқлаганидан сўнг, намойишчилар ва Ғазода гаровга олинган оилалар тарафдорлари Тель-Авивдаги Исроил Мудофаа вазирлиги биноси олдида тўпланишди. Улар ҳукуматни гаровга олинганларни озод қилиш бўйича зудлик билан битим тузишга чақирди.
- Аввалроқ Биньямин Нетаньяҳу Исроил ҲАМАС устидан тўлиқ ғалаба қозонмагунча уруш олиб боришини бир неча бор айтган. «Исроил Ғазодаги ҲАМАСнинг ҳарбий салоҳияти ва қудратини йўқ қилмагунимизча ва барча гаровга олинганларни уйга қайтармагунимизча курашади. Бу тўлиқ ғалаба дегани. Биз бундан камига рози бўлмаймиз», деганди у 2024 йил июль ойида АҚШ Конгрессида сўзлаган нутқида.
- Сентябрь ойи охирида Исроил томони Ливандаги «Ҳизбуллоҳ»нинг нишонлари деб ҳисобланган ҳудудларга катта зарбалар беришни бошлади, октябьр ойида эса мамлакат жанубидаги қуруқликдаги амалиётини кенгайтирди.