• Вс. Ноя 10th, 2024

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Шаҳар парклари қандай бўлиши керак? Дендролог нуқтаи назари


Шаҳар ва қишлоқ аҳолисининг руҳиятидаги фарқни ўрганишга бағишланган тадқиқот натижаларига кўра, шаҳар аҳолисида беҳаловатлик ундан ташқарида яшайдиганларга нисбатан 21 фоизга, кайфият бузилиши эҳтимоли эса 39 фоизга юқори бўлади. Уйда ёки идорада соатлаб вақтини компьютер қаршисида ёки смартфон экранига термулиб ўтказадиганларнинг бир муддат табиат қўйнида бўлиши ҳам уларнинг шаҳар ғалваларидан бир муддат бўлса-да тин олишига, қувватини тиклаб, ўзини яхшироқ ҳис қилишига ёрдам беради.

Сайр қилишга соҳил бўйи ёки тоғ ён-бағирлари бўлса қандай соз, аммо улар бўлмаса-чи — унда нима қилмоқ, қаерда кўнгил ёзмоқ керак? Шаҳар ичидаги парклар, истироҳат боғлари, хиёбонлар соҳилбўйининг ҳам, тоғ ён-бағирларининг ҳам ўрнини, қисман бўлса-да, боса оладиган тенгсиз бир макондир. Аммо идеалда улар қандай бўлиши керак?

Бунга ҳар ким ўзидан, касбидан келиб чиқиб: урбанист — шаҳарсозлик, архитектор — лойиҳалаштириш, ҳоким — ўзи раҳбарлик қилаётган ҳудуд имиджини яхшилаш, тадбиркор эса даромад топиш нуқтаи назаридан жавоб беради. Дарахтларни ўрганиш бўйича мутахассис — дендролог наздида-чи, парклар қандай бўлиши керак? Парклар қандай бўлса, стрессли ҳафта охирида аҳоли якка ё оилавий бориб дам олиши учун қулай ҳисобланади?

«Dunyouzbeklari.Com» шу каби саволлар билан Тошкент Ботаника боғининг етакчи дендролог мутахассиси Атиргул Холмирзаевага мурожаат қилди.

Парклар кўп бўлишининг ўзи етарли эмас

Шоҳруҳ Ҳайдаров / «Dunyouzbeklari.Com»

Аҳолиси 3 млн кишидан ортиқ бўлган, ҳар куни яна тахминан 1 миллионга яқин одам кириб-чиқадиган Тошкент шаҳрида, расмий маълумотларга кўра, 21 та маданият ва истироҳат боғлари мавжуд. Бахтга қарши, улар шаҳар бўйлаб бир хилда тақсимланмаган — айрим туманларда бир неча парк ёнма-ён бўлгани ҳолда, бошқаларида битта ҳам нормал фаолият юритадиган истироҳат боғи бўлмаслиги мумкин.

Атиргул Холмирзаеванинг таъкидлашича, мавжуд истироҳат боғлари аҳолининг барча қатламлари учун мос ва қулай бўлиши уларнинг сонидан кам бўлмаган даражада муҳимдир. Яъни, ҳар бир шахс ва оила молиявий аҳволидан хавотирланмай, ўзи ва фарзандлари билан паркка бора олиши ва ҳордиқ чиқара олиши зарур.

Истироҳат боғларининг ҳозирги аҳволига тўхталар экан, Атиргул опа уларни аввалги ҳолати билан таққосламаслик имконсиз, деб ҳисоблайди.

«Тошкент илгари яшил шаҳар эди — ҳамма жойда парк, бульвар бўларди, ариқлар сувга тўла эди. Ҳар бир ишчи оила дам олиш кунлари серсоя паркда сайр қилар, ёзда ҳовузларда чўмиларди. Ҳозир буларнинг бари қисқариб кетди. Парклар камайтирилиб, уларнинг ҳисобидан иморатлар, бошқа хил объектлар қурилди», — дейди у.

Мисол тариқасида у собиқ Ғалаба паркини келтиради. 1990 йиллар ўрталарида унинг бир қисмида Аквапарк, бошқа бир қисмида аттракционли Тошкентленд қурилган. Қолган қисмида эса кириш пулли бўлган Япон боғи ташкил этилган. Атиргул опанинг қайд этишича, Ғафур Ғулом номидаги (ҳозирги Dream Park) боғ ҳам аввалгидек дарахтзор эмас.

«Паркларнинг бари кичиклашяпти. Бир вақтлар хатлов қилганимиз учун, ўша вақтда ҳар бир паркда қанча ўсимлик бор, ҳолати қандайлигини ўрганганимиз учун мен буни яхши биламан. Хусусан, ўз даврида Абдулла Қодирий боғини кўкаламзорлаштиришга ҳам ёрдам берганмиз. Унинг ҳозирги аҳволини кўрсангиз эди — уёғидан ҳам, буёғидан иморатлар қуриб ташланган, парк кичкина бўлиб қолган, дарахтлари камайган, катта дарахтлари кесилиб кетган», — дейди у.

«Миллий боғга таъмирлаш ишлари тугаганидан кейин борганимизда, блогерлар мендан: „Бу ерда бўлган дарахтларнинг қанчаси қолган экан?“, деб сўради. Ўшанда мен „50 фоиз“, дедим. Аслида 50 фоиз ҳам қолмаган. Катта дарахтлар кесилиб кетган, қолган бўлса ҳам қинғир-қийшиқлари, касалланганлари қолган — улар ҳам бечораҳол турган эди», — дейди у.

Фото: Президент матбуот хизматиФото: Президент матбуот хизмати

Табиат ўзига нисбатан бундай ҳурматсизликни шу ҳолича ташлаб қўймайди — ҳаво сифати ёмонлашади, биз эса буни саломатлигимиз ёмонлашаётганидан ҳис қила бошлаймиз.

Дарахтлар нима учун муҳим?

Атиргул опа ҳам бугунги кундаги саноқсиз ҳасталиклар ва уларнинг кенг тарқалишига, хусусан, дарахтларнинг аёвсиз кесилиши билан боғлиқ кислород етишмаслиги сабаб бўлиши мумкин, дейди.

«Нега мен асосан Ботаника боғида бўламан, у ерда ишлайман? У ерда ҳаво тоза. Иш билан шаҳарга чиқсам, ҳаво сифатидаги фарқ бирдан сезилади, бошоғриғим қўзғайди. Ботаникага қайтишим билан оғриқ қолади. Ҳаво сифати билан боғлиқ шунга ўхшаш мисолларни яна кўплаб келтириш мумкин», — дейди мутахассис.

Жумладан, чақалоқлар бош миянинг ички босими билан туғилаётгани, ёши катта фуқароларнинг аксариятида доимий ҳол бўлиб қолган бошоғриғини ҳам Атиргул Холмирзаева тоза ҳаво етишмовчилигидан, деб билади. «Чиқинди газлар кўплаб касалликларга сабабчи бўлгани учун кислород манбаи ҳисобланган ўсимликлар, дарахтларни кўпайтириш тарафдориман», — дейди у.

Мутахассис истироҳат боғларидаги дарахтларни янада кўпайтириш зарурлиги ҳақидаги кўпчилик кўп такрорлайдиган ҳақиқатни уқтираркан, серсоя ва тез ўсадиган дарахт турларини экиш нафақат боғнинг ўзи, балки бутун шаҳар учун фойдали, дейди. Аммо митти уруғдан зарарли газларни «ютиб», кислород улашувчи баҳайбат дарахтга айланадиган мўъжизанинг ҳаётимизда қанчалик муҳим аҳамият касб этишини ҳамма ҳам тўла англайвермайди.

«Дарахтлар зарарли газларни ютиб, кислород чиқаришдан ташқари шўрликни ҳам ушлайди. Чанг ҳаводан нафас олишнинг табиийки саломатликка таъсири ва унинг келажак асоратлари бор. Ҳозир дунё бўйича дарахтлар кўп кесилаётгани боис тупроқ шўрланиши муаммоси йилдан-йилга долзарблашмоқда. Шўрланишнинг олдини олиш учун кўпроқ дарахт, ўсимликлар экиш керак, улар эса, ўз навбатида, ҳавони ҳам тозалайди, касалликларни ҳам камайтиради», — дейди у.

Айримлар бефойда, фақат бюджет пулларини ўзлаштириш ва кўзбўямачилик учун экилади, Ўзбекистон шаҳарлари иқлимига мос келмайди, деб ҳисоблайдиган арча в қарағайлар ҳам одамлар саломатлиги учун зарур, дейди Атиргул опа.

«Улар бежиз экилмайди. Одамнинг кўзи, кўзининг нури учун яшиллик зарур. Қарағайнинг яшиллиги эса қиш кунлари кўзга нур беради. Бундан ташқари, таркибидаги эфир мойи ва фитонсит зарарли инфекциялар, хусусан, силни қўзғатувчи Кох таёқчасини ҳам йўқ қилади. Агар арчалар ўзидан эфир мойлари билан фитонсит чиқариб турмаса, сил таёқчаси кўпайиб кетган бўларди. Ахир ўпка-бронх касалликлари, астмадан азият чекувчиларга игна баргли ўсимликлар бор жойда нафас олиш маслаҳат берилади-ку», — дейди у.

Шунинг учун, мутахассиснинг айтишича, манзарали ўсимликларни игнабарглилар билан аралаштириб, тўп-тўп қилиб эккан мақсадга мувофиқ. Масалан, бир жойга бешта арча экдингми, нарироққа яна шунча қарағай кўчати қада — ҳам чиройли, ҳам фойдали бўлади.

Парвариш фақат суғоришдан иборат эмас

Евгений Сорочин / «Газета.uz»Евгений Сорочин / «Dunyouzbeklari.Com»

Бахтга қарши, биргина дарахт экишнинг ўзи бу муаммога ечим бўлолмайди. Парваришни тўғри қилиш муҳим, айни вақтда, бу вазифа ҳам биргина суғоришнинг ўзидан иборат эмас — ҳар бир кўчатнинг тагини юмшатиш, унга озиқа бериш керак. Акс ҳолда дарахтларнинг аҳволи «оғирлашади». Масалан, сўнгги йилларда кўп кўзга ташланаётган «хасталик»лардан бири — дарахт япроқларининг куз келмай сарғайиши ва тўкилиши. Дарахтларнинг бундай қақшашида пойтахтда авж олган бетонсеварликнинг ҳам ўрни бор.

«Парваришга яхши ва тўғри эътибор берилмаслиги оқибатида экилган кўчатлар аста-секин қурий бошлайди. Алал-оқибат касалланади. Таги, учдан бир қисми қурийди. Шундай вазиятларда кесиб, тагидан қайта парвариш қилиш лозимлигини айтаман. Аввало, барча дарахтларнинг таги юмшатилиши керак. Ҳозир ҳаммаёқда дарахтлар ости бетонланиб, асфальт қилиб ташланяпти — бу эмин-эркин ўсиши керак бўлган ўсимликлар учун тўсиқ», — дейди у.

Атиргул опанинг таъкидлашича, дарахт илдизи қанча катта бўлса, унинг атрофи ҳам шунча бўш, дейлик, таг қисми асфальтдан икки метр узоқда бўлгани маъқул. Унинг атрофига тупроқни юмшатиб, гуллар, майса экиш мумкин. Бетонлаб ташланса, офтоб қиздирган бетоннинг иссиғи илдизларга ҳам таъсир қилади.

«Жазирама вақти «томирлари»гача қизиган дарахтлар яшаб қолиш учун иссиқдан сарғая бошлайди ва баргларини ташлаб юборади. Ёзнинг кунида баргсиз турган, мисоли яланғоч дарахтни одамлар қуриб қолибди деган гумонда чопиб ташлайди. Ваҳоланки, дарахтнинг бундай ҳолга келишига биз ўзимиз — одамлар сабабчи», — дейди у.

Атиргул опа қуригани баҳона қилиниб кесишга тайёрланаётган дарахтлар билан боғлиқ «тўполон»ларда кўп бўлади, аниқроғи, аҳоли уни шундай жанжалли вазиятларга мутахассис ўлароқ таклиф қилади. Унинг айтишича, кўпинча можаро жойига бориб, «кесилишга номзод» дарахтнинг таг қисмига қараганида, у қуримагани, аксинча, иссиқдан «эсанкираб», намлигимни йўқотмай деб япроқларини ташлаб юборгани, шу тариқа дарахт ўзига «дам бермоқчи» бўлганини кўради. Шу тариқа у анча-мунча дарахтларнинг ҳаётини сақлаб қолган.

«Биз инсонларда ҳам билагимизни боғласак, томирда қон айланолмай, оғриқ пайдо бўлади-ку, дарахтларда ҳам шундай — улар ҳам тирик организм», — дея тушунтиради у. Шунинг учун ҳам дарахтларнинг таг қисми бетон ва асфальтланишини ёки, Ғафур Ғулом номидаги истироҳат боғида бўлгани каби, дарахтларга ҳар турли тросслар тортилиб, аттракционлар қоқиб, тиркаб қўйилишини худди инсон танасига жароҳат етказишга ўхшатади.

«Бундай аттракционларга қанча кўп одам чиқса, дарахт томирлари шунча кўп тебраниб, шунча кўп азоб чекади. Уларни олиб ташлаш кераклигини айтсам, боғга эгалик қилувчи дирекция агрономи, менга қараб: „Сиз ўзи бу соҳани тушунасизми?“, дейди. Сизга фақат пул қизиқ, дарахтнинг қийналиши, эртага қуриб қолиши билан ишингиз йўқ, дедим; ўсимликни экиб, катта қилиш машаққатини уни парваришлаган одам билади, мана шундай тайёрига келганларнинг эса жони ачимайди. „Ишингиз бўлмасин, ботаника боғингизни эплаб олинг аввал“, деб жавоб беришди», — дейди Атиргул Холмирзаева.

Евгений Сорочин / «Газета.uz»Евгений Сорочин / «Dunyouzbeklari.Com»

Дарахтларнинг фойдали функциялари ҳавони тозалаш ва шўрланишнинг олдини олиш билангина кифояланмайди. Дарахтлар шовқинни камайтириб, сокинликни ҳам таъминлайди. Атрофида турар жой ва офис бинолари бўлган аттракционли паркларда эса дарахтлар айниқса кўп бўлиши керак.

«Аввалги даврларда паркларда аттракционлар бўларди, лекин ҳозиргидек кўп ҳам эмасди. Аслида паркларда аттракционларга устуворлик берилмаслиги керак. Паркларга фақат болалар бормайди, масалан, кекса ёшдаги кишилар ҳам уйи атрофидаги боғга бориб сайр қилгиси, тенгқурлари билан хотиржам суҳбатлашгиси келади. Чунки қариялар бориб, кўнгил ёзиши мумкин бўлган жойлар ўзи шундоқ ҳам кам, болалар ва ёшларники каби сероб эмас. Аттракционлардан чиқадиган шовқин-сурон эса нафақат кексалар, умуман неврологик касалликлари бор кишиларга ҳам ёқавермайди», — дейди мутахассис.

Шовқин ушлаб қолиниши учун ҳам паркнинг нафақат ички қисмига, балки атрофига кўпдан кўп дарахт экмоқ керак. «Биттагина дарахт қанча ҳам жой оларди? Аммо пул келтирадиган нарсалар қилиш ва қуриш учун ишни биринчи бўлиб дарахтларни кесиш, уларга зарар етказишдан бошлашади. Буёқдан сув ҳавзалари ҳам кичрайтирилади. Ўзини инвестор дея таништирган кишилар бу ҳаракатларини даромад топиш зарурати билан оқлайди. Мана шундай манфаатлар турганида ким ҳам табиатни ўйларди?», — дея савол қўяди Атиргул опа.

Сув ҳавзалари

Истироҳат боғларининг аҳамиятига ҳақида гапираркан, мутахассис сув ҳавзаларига ҳам алоҳида тўхталиб ўтди. Истироҳат боғларидаги сув ҳавзалари қайта тикланса ва мунтазам фаолият кўрсатса, улардаги яшиллик, дарахтлар кўпайтирилса, шаҳар аҳли тоза ҳаво илинжида биргина Ботаника боғига қатнайвермаган бўларди.

«Сув ҳавзаси ўсимликлар учун шароит, одамлар учун эса намлик муҳитидир. Истироҳат боғларимизда нафақат дарахтлар, балки сув ҳавзалари ҳам қисқариб боряпти. Илгари одамлар болаларини чўмилиш учун паркларга олиб борарди. Ҳозир ҳатто Миллий боғнинг чўмилиш ҳавзаси ҳам аввалгидек катта эмас. Истироҳат боғларида сув ҳавзалари бўлса, болалар бориб у ерда чўмилолса, ҳар томонлама яхши. Негаки, жазирамада жон сақлаш учун чўмилишга эҳтиёж бўлади. Тоғга бориб дам олиш, пулли бассейнларга бориш учун эса ҳаммада ҳам шароит бўлмаслиги мумкин», — дейди у.

атиргул холмирзаева, ботаника боғи, истироҳат боғлари, парклар, тошкент, хиёбон

Дарахтларга тўла салқин боғ ва хиёбонлар сонини кўпайтириш, борларини эса имкон қадар кенгайтириш ва янада кўкаламзор қилиш нафақат шаҳар экологияси ва ҳавоси сифатига, балки унинг аҳолисининг руҳий ва жисмоний саломатлигига ҳам ижобий таъсир қилади. Бундай ижобий таъсирнинг эса, табиийки, беқиёс ижтимоий ва иқтисодий самаралари ҳам бор. Шундай экан, расмийлар бу борада қатъий сиёсат олиб боришлари, хусусан, бошланган ишлар (масалан, Истироҳатдаги хиёбон-кўча таъмири)ни охирига етказишлари ва айтилган режалар (хусусан, Тошкент атрофида яшил белбоғлар «қуриш»)ни амалга оширишга киришишлари айни муддаодир.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *