49 ёшли эркак Япония Либерал-демократик партияси штаб-квартирасига ёнувчи модда солинган бир нечта шишани (молотов коктейли) улоқтирди.
Токио полиция департаменти маълумотларига кўра, эркак микроавтобусни бино ёнига олиб борган ва кейин беш-олтита шишани улоқтирган. Ҳеч ким жабрланмаган, шишалардан бири полиция машинасига тушган.
Шундан сўнг, эркак мамлакат бош вазири қароргоҳи панжарасини бузиб ўтмоқчи бўлган ва тутунли бомбага ўхшаш нарсани улоқтирган. Полиция ҳужумчини қўлга олди ва ҳозир унинг мақсадини аниқламоқда.
Ҳукмрон партия штаб-квартирасига ҳужум парламент сайловларига саккиз кун қолганида содир этилган. Сайловлар Либерал-демократик партиядаги коррупция можаролари ва унинг раҳбари ўзгариши фонида эртароқ ўтказилади.