Исроил Ғазода гаровга олинган исроилликларни озод қилиш бўйича музокараларда ҲАМАС етакчиси Яҳё Синварнинг жасадидан савдо воситаси сифатида фойдаланиши мумкин.
CNN Исроилдаги манбаларига таяниб хабар беришича, исроиллик асирларнинг қайтарилиши гуруҳ учун ҳаракат етакчисининг жасадини қайтаришнинг ягона йўли бўлиши мумкин.
Манбаларга кўра, Яҳё Синварнинг жасадидан қандай фойдаланишни ҳал қилишда Исроил расмийлари учун асирларни озод қилиш устувор вазифа бўлиши мумкин. Мамлакат ҳозирда гаровга олинганларни озод қилиш учун ҲАМАСга қандай босим ўтказишни кўриб чиқмоқда.
“Агар ҲАМАС раҳбарининг қолдиқларини тирик ёки ўлик исроилликларга алмаштирмоқчи бўлса, бу яхши”, деди CNN’га дипломатик манба.
Шу билан бирга, у ҳар қандай шароитда жасаднинг қайтарилиши қолган ҲАМАС аъзоларининг бирлигига олиб келиши мумкинлигини таъкидлаган.
Исроил 17 октябрь куни Яҳё Синвар ўлдирилганини эълон қилган эди, эртаси куни эса ҲАМАС ўз етакчисининг ўлимини тасдиқлаган. Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяху Фаластин ҳаракати аъзоларига мурожаат қилиб, қуролларини ташлаб, асирларни қайтаришни сўраган, бироқ гуруҳ буни амалга оширишдан бош тортган.