Усмон Улфатович Шарифходжаев президент ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директорига ўринбосар бўлди, дея хабар бермоқда мактаб таълими вазирлиги матбуот хизмати.
У 2023 йилдан буён мактабгача ва мактаб таълими вазирининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаб келаётганди. 18 октябрь куни вазирликда Шарифходжаевни кузатиш маросими бўлиб ўтди.
Усмон Шарифходжаев 1986 йил 9 июль куни Тошкент шаҳрида туғилган. У 2007 йилда Тошкент молия институти ва 2011 йилда Халқаро Вестминистр университетини тамомлаган. Меҳнат фаолияти бошида Тошкент молия институти ва Тошкент давлат иқтисодиёт университетларда ишлаган.
2016−2017 йилларда собиқ Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигида бошқарма бошлиғи, 2017 йилда Президент девони Фан, таълим, соғлиқни сақлаш ва спорт масалалари хизмати илм-фан масалалари бўйича бош консультанти, 2017−2018 йилларда Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси бошлиғи ўринбосари ва 2018−2020 йилларда Президент администрацияси ёшлар, фан, соғлиқни сақлаш ва спорт масалалари бўлинмаси таълим шуъбаси мудири бўлган.
2020−2023 йилларда халқ таълими вазирининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаган.