Қашқадарё вилоятида бир қарздорлик учун иккита ижро варағи чиқарилди. Бу ҳақда “Дарё”га вилоятда фаолият юритувчи МЧЖлардан бирининг ишончли вакили хабар берди.
2024 йил 20 сентябрь куни АТБ “Агробанк” Чироқчи туман филиали Қарши туманлараро иқтисодий судининг 4-1801-2203/1242-сонли ҳал қилув қарорига асосан берилган ижро варақасини йўқотиб қўйилганлиги учун дастлабки инстанция судининг ҳал қилув қарори ижроси бўйича берилган ижро варақаси дубликатини сўраб ариза берган.
Мазкур ариза 2024 йил 3 октябрь куни соат 10:00 да кўриб чиқилган. Бу вақтда Чироқчи тумани иқтисодий судида судья Латипов раислигида хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус Саодат Раҳимовага нисбатан тақиқни ечиш мажбурияти юклаш ҳақидаги даъво аризаси ҳам кўрилаётган эди. Даъвода АТБ “Агробанк” қўшимча жавобгар сифатида қатнашаётган бўлган.
Энг қизиқ ҳолати шуки, Чироқчи тумани иқтисодий судида бу иш муҳокамаси вақтида АТБ “Агробанк” вакили Бегалиев томонидан суд мажлисида Қарши туманлараро иқтисодий судининг 4-1801-2203/1242-сонли ижро варақаси асосида МИБнинг вилоят бошқармаси давлат ижрочиси Бобур Панжиевнинг ижро ишини қўзғатиш ҳақидаги қарори тақдим этилди.
Аслида ижро варақаси мавжуд бўлмаганлиги сабабли ундан тўрт кун аввал дубликат олиш учун ариза берган. 2024 йилнинг 24 сентябрь куни МИБ Қашқадарё вилояти бошқармаси томонидан (йўқ, мавжуд бўлмаган ижро варақасига) Қарши туманлараро иқтисодий судининг 4-1801-2203/1242-сонли ижро варақаси бўйича 18002400031901-рақамли ижро иши қўзғатилган. Бу ҳолат эса Чироқчи тумани иқтисодий суди томонидан “Dov Ufq Energy” МЧЖнинг хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус Саодат Раҳимовага нисбатан тақиқни ечиш мажбурияти юклаш ҳақидаги даъво аризасини рад этишга асос бўлди, дейди МЧЖнинг ишончли вакили.
Таъкидланишича, суд мажлиси тугагандан сўнг МЧЖ масъуллари МИБ давлат ижрочиси Бобур Панжиев ва бошқарма бошлиғи ўринбосари ҳузурига кириб, ижро варақаси аслини сўраган.
Ҳамда белгиланган тартибда юқори турувчи раҳбарга ва вилоят прокуратурасига шикоят киритдик. Кейинги сўровларимизга кўра (аслида мавжуд бўлмаган ижро варақаси) АТБ “Агробанк” вилоят бошқармаси бошлиғи А.Ашуровнинг 2024 йил 25 сентябрдаги № 118-сонли МИБ вилоят бошқармасига берган хатига асосан ижро варақаси “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги қонуннинг 40-моддаси 1-қисмига асосан қайтариб олинганлиги маълум бўлди.
Шундан сўнг давлат ижрочиси томонидан 2024 йилнинг 27 сентябрь куни ижро ишини юритишни тамомлаш ва ижро ҳужжатини ундирувчига қайтариш тўғрисида қарор қабул қилинган. Афсуски бу найранглар “Агробанк” ва МИБчилар ўртасида ўйлаб топилиб, Чироқчи тумани иқтисодий судининг 4-1807-2401/1694-сонли иқтисодий иши бўйича даъво аризанинг рад этилиши учун “ясалган” сохта ҳужжат экан. Давлат органлари айрим вакилларининг бу каби ўйинлари тугамас экан, қонунийлик ва қонун устуворлигини мустаҳкамлаб бўлмайди, дейди суҳбатдош.
Қўшимча қилинишича, 2024 йилнинг 15 октябрь куни Қарши туманлараро иқтисодий суди яна ижро варақасининг дубликатини бериш бўйича ажрим чиқарган.
Биз даъво қилганда ижро варақаси бор эди, банк дубликат олиш учун ариза берганда эса йўқ бўлиб қолди. Энг қизиғи судлар иккала ҳолатда ҳам бизга эмас банкка ишонди. Банк эса уларни алдади, дейди у.